18 июн куни F гуруҳидаги икки учрашув билан Евро-2024 гуруҳ босқичида биринчи тур ўйинлари якунланди. Туркия ва Гуржистон турнирнинг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказишди, 39 ёшдаги Криштиану Роналду ҳали яхши спорт формасида эканини намойиш этди.

Туркия ва Гуржистон ўйини қолдирилиши ҳам мумкин эди

Гуржистон миллий жамоасининг турнирдаги илк иштироки кўпчиликнинг диққат марказида эди. Аммо ўйиндан олдин қизиқарлиликда ўйиннинг ўзидан кам бўлмаган воқеалар рўй берди.

Асосий муаммо об-ҳавода эди. Дортмундда кундузи ҳам ҳаво нормал ҳолатда эди, аммо кечга келиб кучли жала қуйди. Ўйин бошланишига яқин қолганида майдон футбол учун эмас, кўпроқ сув полосига тайёр ҳолатда эди.

Стадион томидан ҳам катта сув оқими ўтиб, майдон атрофида кўлмаклар юзага келди.

Ходимлар бор кучни ишга солиб, йиғилиб қолган сувни чиқариб ташлашга ҳаракат қилишди, аммо ёмғир тинай демасди.

Бундай шароитда футбол ҳақида ўйлаши қийин бўлган мухлислар эса вақтичоғлик қилишга қарор қилишди ва трибунада икки жамоа мухлислари ўртасида муштлашув бошланиб кетди.

Можаро жойига стюардлар отряди етиб келиб, уларни ажратишга киришди.