E ва F гуруҳларида ҳам 2-тур учрашувлари якунланди. 3-тур ўйинлари бир вақтда бошланади. Энди барча ўйинларни ҳам жонли эфирда кузатиш имкони бўлмайди. Қуйида шанба кунги ўйинлардаги асосий воқеалар ҳақида.

Гуржистон — Чехия: гуржиларнинг Евро тарихидаги илк очкоси

Гуржистон — Чехия 1:1
Голлар: Микаутадзе (45+4, пеналти) — Шик (59).
Гуржистон – Мамардашвили, Какабадзе, Кашия, Кверквелия (Гвелесиани, 81), Двали, Цитаишвили (Лочошвили, 62), Кочорашвили, Меквабишвили, Давиташвили (Чакветадзе, 62), Кварацхелия (Лобжанидзе, 82), Микаутадзе (Квилитая, 88).
Чехия – Станек, Цоуфал, Ҳранач, Голеш, Крейчи, Юрасек (Шевчик, 81), Провод (Барак, 81), Соучек, Черни (Юрасек, 55), Шик (Хитил, 68), Гложек (Лингр, 55).
Огоҳлантиришлар: Цоуфал (18), Кашиа (36), Провод (40), Юрасек (47), Голеш (53), Соучек (81), Гвелесиани (81), Меквабишвили (83), Кочорашвили (90+5).

Гуржистон учун бутун Евро-2024 — битта алоҳида катта ютуқ. Бир неча кун муқаддам Вилли Саниол жамоаси турнирда ёрқин дебютини амалга оширганди ва ҳатто гол урганди (Туркия билан ўйинда Жорж Микаутадзе ўз номини таблога ёздириб қўйган), аммо барибир ғалаба қозонишга муваффақ бўлмаганди.

Чехия билан ўйинда эса ниҳоят илк очко қўлга киритилди. Гуржистон биринчи бўлиб ҳисобни очди — биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ўша Микаутадзе пеналтини аниқ ижро этди. Буёғига гол ўтказиб юбормаслик талаб этиларди. Аммо ўхшамади — чехлар ҳисобни тенглаштиришди, аммо улар дарвоза томон жами 26 бор зарба бергани ҳисобга олинса, гуржистонликларнинг омади ҳам келди.

Бу Мамардашвилининг саъй-ҳаракатлари эвазига рўй берди — УЕФА маълумотига кўра, дарвозабон 10 та сэйв амалга оширган, Opta — 11 та деб ҳисоблаган. Қанча бўлмасин, бу турнира тарихидаги энг яхши кўрсаткичлардан бири — Еврода бир ўйинда бундан кўпроқ сэйв фақат 2004 йилда латвиялик посбон Колинко томонидан ижро этилганди.

Икки тур давомида гуржиларда дебют гол, дебют очко ва ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган қаҳрамон дарвозабон бўлди. Лекин уларда Евродаги илк ғалаба бўлиши ҳам мумкин эди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Гуржистон учга бир кўринишида хавфли ҳужумга чиқиб кетди, аммо Лобжанидзе ўта қулай позициядан аниқ зарба бера олмади. Энди ғалаба қозониш жуда қийин бўлади — учинчи турда плей-офф масаласини ҳал қилиб улгурган Португалияга қарши ўйин кутмоқда. Чехия Туркия билан ўйнайди.