Янги Алянс орқали туркий давлатларни ўзаро боғлайдиган транспорт инфратузилмаларини яратиш, бизнес структураларини ўзаро боғлаш ҳамда муаммоларга ҳамкорликда ечимини топишга умид билдирилмоқда.
Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига 2019 йилда тўлақонли аъзо бўлган эди. Бугунги кунгача эса ушбу ташкилот доирасида бир қанча муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Тошкентда 28 июн куни Туркий давлатлар ташкилоти ҳузурида Логистика марказлари ва юк ташувчилар алянси таъсис этилишига бағишланган учрашувлар бўлиб ўтди.
Ушбу алянс ташкил этилар экан, давлатлар ўз лойиҳаларини қандай молиялаштиради ва инвестицияларни қандай жалб этади? Бундан ташқари, Озарбойжон, Туркия ва Марказий Осиёни боғловчи Зангезур коридори ҳақида ҳам сўз юритилди.
Биз эса бир қанча саволлар билан бугунги учрашув иштирокчилари ва ташкилотчиларига юзландик.
— Янги лойиҳа бошланар экан, унга инвестиция жалб қилиш каби масалалар туради. Логистика марказлари қуриш учун зарур бўлган инвестициялар ҳажми ҳисобланганми, улар қандай молиялаштирилади?
Бекзод Холматов, Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори: — Бугунги тадбир асосан алянсни ташкил этиш бўйича ўтказилди. Хусусий сектор вакиллари томонидан алянс ташкил этилди логистика марказлари ва юк ташувчилар ўртасида.
Инвестиция киритиш бизнес вакиллари, яъни хусусий сектор томонидан амалга оширилади. Алянснинг кейинги йиғилишларида қайси лойиҳаларни амалга ошириш қизиқроқ бўлади, бир нечта тадбиркор томонидан ўша лойиҳани амалга ошириш масалалари кўрилади. Шунинг учун бу платформа логистика соҳасидаги бизнес вакилларини бирлаштириб, лойиҳаларни ҳамжиҳатликда амалга ошириш имконини беради.
Ҳозирча қайси логистика маркази айнан қаерда қурилиши, ҳисоб-китоблари ҳақида маълумотлар йўқ. Лекин бу нарса туркий давлатларни ўзаро боғлайдиган транспорт инфратузилмаларининг яратилишида ва алянснинг бевосита йўналишларидан бири ҳисобланади.
— Мақсад ва стратегиялар ҳақида маълумот борми?
Бекзод Холматов: — Ташкил этишдан асосий мақсад — бизнес структураларини ўзаро боғлаш, ҳамкорликда ишлаб, муаммолар ечимини топиб, бирга ривожлантириш. Рақобат ўз йўлига, лекин биргаликда қилинадиган ишлар бор.














