Юнусободдаги бир нечта маҳалла сув остида қолди: воқеага свет ўчиши сабабми? Жиззахдаги BYD заводи директори арзон нархларни ваъда қилди: бу ваъдага ишонса бўладими? Рақобат қўмитасидан дадил қадамлар: “Лукойл” жавобгарликка тортиладими? Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Якунланаётган ҳафта Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи бир қанча аҳоли учун роса эсда қоларли бўлди. 3 июлга ўтар кечаси 6- ва 7-мавзелар ўртасидаги чорраҳада магистрал сув қувури ёрилиб, иккала мавзедаги кўпқаватли уйларнинг ҳовлисини тизза бўйи сув босди.

Бунақаси Тошкент тарихида аввал кузатилмаган бўлса керак. Сувнинг баландлигидан, кўпқаватли уйлар ҳовлиси шолипояга ўхшаб қолди. Тонг отиб кунлар исигач, худди аквапаркдаги бассейнга тушгандек сувга шўнғиган болалар ҳам топилди. Қизалоқлардан бири эса чўмилиш учун уйидан баллон кўтариб чиқди.

Болаларга бунақа унутилмас саргузаштни ким совға қилгани аниқ эмас. Сувчиларнинг айтишича, воқеага шу атрофдаги қозонхонада свет ўчгани сабаб бўлган. “Тошкент шаҳар сув таъминоти” корхонасининг баёнотига кўра, электр узилиш оқибатида қувурларда босим кўтарилиб кетиб, 800 ва 1200 ммлик қувурлар уланган жойда авария чиққан. “Агар огоҳлантириб, шу пайтда ўчирамиз деганида, биз босимни меъёрида ушлаб турган бўлардик, бунақа ҳолатлар юзага келмасди”, деди биз суҳбатда “Ўзсувтаъминот” масъул ходими.

Энергетика корхоналари сув таъминоти компанияларининг бу баёнотларини рад этди. Уларнинг таъкидича, авария бўлган вақт оралиғида тумандаги электр таъминотида ҳеч қанақа авариявий ёки режавий ўчишлар содир бўлмаган. Шу тариқа, техноген тошқиннинг ҳақиқий сабаблари ва кўрилган моддий зарарни ким қоплаши масаласи очиқ қоляпти, негадир булар ҳақида ҳеч қайси ташкилот гапирмоқчи эмасдек кўриняпти.