Ўзбек шоу-бизнес вакилларининг йўловчи поездларда совитиш тизими ишламаётганидан норозилиги акс этган видеоларга “Ўзтемирйўлйўловчи” расмий муносабат билдирди.
Видеода санъаткорлар “Ўзбекистон темирйўллари”дан кондиционерли купе учун чипта сотиб олгани, лекин амалда вагонда совитиш тизими ишламаганини айтишган.
“Вагонлар эски, аномал иссиқ ҳаво туфайли носозлик кузатилмоқда” – масъуллар
“Ўзтемирйўлйўловчи” йўловчилардан носозлик учун узр сўради. Таъкидланишича, бу поезд 12 июл куни “Хива — Андижон” йўналишида ҳаракатланган. Йўл давомида вагонда техник носозлик аниқланган, йўловчилар вақтинча бошқа вагонга ўтказилган.
“Йўловчилардан совитиш тизими ишламаётган тақдирда вагон кузатувчиларига, агар муаммо ечим топилмаса, поезд бошлиғига мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтамиз. Сўнгги йилларда йўловчи вагонлар босқичма-босқич модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда ва янги вагонлар ҳам харид қилинмоқда.
Юқоридаги ҳолат бўйича тегишли масъул ходимларга кўрсатмалар берилди. Келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраймиз”, – дейилади изоҳда.
Шунингдек, расмийлар бу йўловчи вагонлар анча эски экани, 1991 йилда қурилиб, ўз муддатларида техник таъмирлардан ўтказилганини маълум қилган.
“Вагонга ўрнатилган совитиш тизими техник шартларига кўра, ташқи ҳаво ҳарорати +40 C даражадан юқорилаб кетганда, тизимнинг совутиш самарадорлиги йўқолади. Ҳозирги кунларда мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво ҳарорати туфайли айрим вагонларнинг совитиш тизимларида носозликлар кузатилмоқда.
Видеолавҳага туширилган поезднинг йўл давомида ҳаво ҳарорати +40 C даражадан юқорилаб кетгани сабабли совитиш тизимининг компрессор ускунаси ишламай қолган, натижада вагон совитилмаган. Поезд Тошкент-Жанубий вокзалига етиб келганидан сўнг, унга қўшимча қилиб соз ҳолатдаги вагон уланди ва йўловчилар ушбу вагонга ўтказилди”, – дейилади расмий муносабатда.
Шунингдек, компания ўтган асрларда ишлаб чиқарилган йўловчи вагонларининг совитиш тизимлари, ички интерери, электр тизимлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун керакли чоралар кўрилаётгани, босқичма-босқич модернизация қилинаётганини, бунинг учун 1 йилда замонавий талабларга мос бўлган 27 та йўловчи вагонлар харид қилинганини қўшимча қилган.















