Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Хитойга ташриф доирасида уч соатдан ортиқ вақт давомида хитойлик ҳамкасби Ван И билан Россияга қарши урушда «адолатли тинчлик»ка эришиш йўлларини муҳокама қилган. Россия нашрлари Кулеба бошқа гаплар қаторида Киев Москва билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини айтганини хабар қилган, аммо Украина ТИВ Россиядагилар вазирнинг сўзларини нотўғри талқин қилганини таъкидламоқда.

Дмитро Кулеба — 2022 йил февралида Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён Хитойга ташриф буюрган украиналик энг юқори мартабали мулозим бўлди.

«Музокаралар якунланди. Бу жами уч соатдан ортиқроқ вақт, режалаштирилганидан кўпроқ давом этди. Бу жуда чуқур ва аниқ гапларга асосланган суҳбат бўлди», — дея хабар берган Reuters агентлигига украин делегациясидаги манба.

Украина ТИВ баёнотига кўра, музокаралардаги асосий мавзу Россия агрессиясини тўхтатиш йўлларини қидириш ва Украинада «барқарор ва адолатли тинчлик»ка эришишда Хитойнинг эҳтимолий роли бўлган.

Аммо учрашувдан кейин Россиянинг «РИА Новости» давлат ахборот агентлиги Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакилига асосланиб, Кулеба Ван И билан мулоқот вақтида Украина «Россия томони билан музокаралар олиб бориш»га тайёрлигини айтгани ҳақида хабар тарқатди.

«Украина Хитойнинг фикрига катта аҳамият беради ҳамда ХХР ва Бразилиянинг можарони сиёсий жиҳатдан тартибга солиш бўйича олти банддан иборат консенсусини диққат билан ўрганиб чиқди. Украина томони Россия билан музокаралар олиб боришни хоҳлайди ва бунга тайёр», — дея унинг сўзларини келтирган «Ведомости» Хитой нашрларига ҳавола берган ҳолда.

Аммо Reuters ва Украинадаги нашрлар мамлакат ТИВнинг Кулеба Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ига нималар дегани ҳақида берган баёнотига таянган ҳолда, Киев музокараларга «маълум шартлар бажарилган» тақдирда тайёр бўлиши, ҳозир эса бундай эмаслигини хабар қилди.

Украина ташқи ишлар вазирлиги вакили Георгий Тихий BBC Украина хизматига берган изоҳида Россия нашрлари Дмитро Кулебанинг сўзларини «бузиб кўрсатгани» ҳақида айтган.

«Дмитро Кулеба Украинанинг изчил позициясини баён қилди, бу эса Россия томони билан маълум босқичда, қачонки Россия ўзаро ҳурматга асосланган музокаралар ўтказишга тайёр бўлганида музокара ўтказилиши мумкинлигини назарда тутади, ҳозирча эса Россия томонидан бундай тайёрлик кўзга ташланмаяпти», — дейилган Украина ТИВ баёнотида.

Музокаралар чоғида Кулеба шунингдек Украинада адолатли тинчлик ўрнатилиши Хитой манфаатларига мос келиши, хусусан унинг Европа билан савдосини ривожлантиришини айтган. У Пекин ва Киев ўртасидаги муносабатларни Украина келгусида Евроиттифоққа аъзо бўлишини инобатга олган ҳолда қуриш лозимлигини қўшимча қилган.