2024 йил 15 август куни Россиянинг Иркутск вилоятида Ту-22М стратегик бомбардимончи самолёти ҳалокатга учради.

Маълум қилинишича, самолёт Иркутск вилоятидаги Белая авиабазаси аэродромидан ҳавога кўтарилган ва кўп ўтмай ерга қулаган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, самолёт қулашдан аввал ҳавода ёна бошлаган. Россия Мудофаа вазирлиги самолёт техник носозлик туфайли қулаб тушганини таъкидлади.

Аввалроқ, 2024 йил апрел ойида Украина ҳарбийлари Ставропол ўлкасида Россияга тегишли Ту-22М3 самолётини уриб туширганди. Бу самолётдан Россия армияси қанотли ракеталар ташишда ва Украина шаҳарларига масофадан зарба беришда фойдаланаётган эди.

Ўшанда Россия томони Ту-22М3 украиналиклар томонидан уриб туширилганини тан олмади ва самолёт ҳалокатга учраганини маълум қилди. Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов эса украиналиклар самолётни уриб тыушириш учун узоқ кутганини ва тайёрланганини, охири буни уддалаганини айтиб чиқди.

Иркутскда қулаб тушган Ту-22М қолдиқлари

Орадан бир муддат ўтиб, июл ойи бошларида Россия Федерал хавфсизлик хизмати Ту-22М3 самолётини олиб қочишга уринишнинг олдини олгани ҳақида хабар тарқатди. Унга кўра, самолётни олиб қочишни Украина ташкиллаштиришга уринган ва россиялик ҳарбий учувчига 2 млн доллар ваъда қилган.

“Совуқ уруш” даврининг энг махфий самолёти ҳисобланган Ту-22М3 қандай самолёт ва у нималарга қодир?

Ту-22М3 тарихи

Ту-22М3 самолёти тарихи 1950-йиллар охирида тайёрланган Ту-22га бориб тақалади. Бу самолёт лойиҳасини Туполев бошчилигидаги конструкторлик бюроси тайёрлаган.

Илк самолётнинг синов парвози 1958 йилда ўтказилган. Ту-22ни серияли ишлаб чиқариш 1959 йилда Қозондаги авиация бирлашмасида бошланган.

Дастлабки ишлаб чиқарилган самолётга Ту-22А 01 тартиб рақами берилган. Кейингилари шу тахлитда рақамланган.

Ҳарбийларга дастлабки самолётлар 1962 йилда етказиб берилган. Кейинчалик ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли барча ҳарбий қисмлар Ту-22 самолётларига эга бўлган.

1960-йилларда ишлаб чиқарилган Ту-22

Ту-22 асосан иккита имконияти билан бошқа ҳарбий самолётлардан ажралиб турарди. Жумладан, товушдан тез учиши ва қанотли ракеталарни ортиб юра олиши билан.