Жаҳон | 14:35 / 26.08.2024
10614
3 дақиқада ўқилади

Саратов ва Энгелсда дронлар кўп қаватли уйларга урилди. Жабрланганлар бор

26 август тонгида учувчисиз учар қурилмалар Саратовдаги уй ҳамда Энгелс шаҳридаги кўп қаватли бинога зарба берган. Саратовдаги кўп қаватли бинога дрон келиб урилиши оқибатида тўрт киши жароҳат олган: ҳудуд губернатори Роман Бусаргин жабрланувчилардан бири оғир аҳволда шифохонага ётқизилганини маълум қилган.

Dmitry Chernenkov/TASS

«Шифокорлар унинг ҳаёти учун курашмоқда. Қолганларга воқеа жойида ёрдам кўрсатилмоқда», — дея хабар берган Саратов области губернатори телеграм-каналида.

Саратов ва Энгелс душанба тонгида дронлар ҳужумига учраган. Хусусан, дронлар Энгелсдаги авиабазага ҳам етиб борган.

Регион раҳбарияти дронлар ҳужуми қайтарилганини хабар қилган, аммо дронлар турар жойларга бориб урилган ҳолатлар ҳам бор.

Саратовда дрон Предмостовой майдонидаги 38 қаватли Volga Sky турар жой комплексига зарба берган. 128,6 метр баландликдаги ушбу комплекс шаҳардаги энг баланд бино ҳисобланади.

Агентликлар ва телеграм-каналларда тарқалган фотосуратларда кўп қаватли бинонинг уч қаватида деразалар тўкилиб тушгани акс этган.

Mash телеграм-канали томига дрон келиб тушган уй ҳовлисида шикастланган автомобиллар видеосини ҳам намойиш этган.

Энгелс шаҳрида дрон Пушкин кўчасидаги кўп қаватли уй томини шикастлаган. Роман Бусаргиннинг хабарига кўра, кўп қаватли уйга дрон келиб урилиши оқибатида жароҳат олганлар йўқ.

«Мутахассислар бинони кўздан кечиргунича яшовчиларнинг барчаси эвакуация қилинди. Фавқулодда хизматлар ходимлари, қутқарувчилар ишламоқда», — деган губернатор.

Саратов ва Энгелс шаҳарлари Волга дарёсининг ўнг ва чап соҳилларида бир-бирига рўпара жойлашган, украинлар дронлари ҳужумига йўлиққан Энгелсдаги авиабазадан эса дарёгача масофа тўрт километрни ташкил этади.

Областга дронлар ҳужуми оқибатида Энгелс райони Прибрежний посёлкасида тўртта хусусий уй ҳам шикастланган. Регион расмийларига кўра, бу посёлкага ҳужум оқибатида жароҳатланганлар йўқ.

Саратов ва Энгелсда расмийлар шикастланган уйларда яшовчиларга ёрдам кўрсатиш учун оператив штаблар ташкил этишган.

Губернатор шикастланган уйларда яшовчилар, шунингдек шикастланган автомобиллар эгаларига етказилган зарарни қоплаб бериш учун «маблағ ажратишни таъминлаш» зарурлигини айтган. Ҳозирча ажратиладиган сумма миқдорига аниқлик киритилмаган.

Россия мудофаа вазирлиги 26 августга ўтар кечаси украинларнинг йигирмата дрони ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан тутиб қолингани ҳақида хабар берган.

Вазирлик баёнотига кўра, тўққизта дрон Саратов области ҳудудида, учтаси — Курск устида, шунингдек, Брянск, Белгород ва Тула областларида иккитадан, Орлов ва Рязан областларида биттадан учувчисиз учар қурилмалар тўхтатилган.

26 август куни Волгоград области губернатори Андрей Бочаров ҳам дронлар ҳужуми ҳақида хабар берган. Областнинг Еланск районида ҳужум оқибатида турар жой биноси ва иккита одам яшамайдиган бино шикастланган. Регион расмийлари жабрланувчилар ҳақида маълумот бермаган.

Мавзуга оид