Россиянинг Полтавага зарбаси қурбонлари сони 50 дан ошди
Полтавадаги ҳарбий таълим муассасасига иккита баллистик ракета билан зарба берилган. 53 киши ҳалок бўлган, 298 киши жароҳатланган. Вайроналар остида одамлар қолиб кетган.
3 сентябр, сешанба куни Россиянинг Полтавага ракета ҳужуми натижасида Украина расмийларига кўра, 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. 4 сентябр тонгига келиб 53 киши ҳалок бўлгани маълум бўлди, деб хабар берди мамлакат бош прокуратураси. Бундан ташқари, 298 киши жароҳатланган, деди Полтава вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Филипп Пронин.
Шу билан бирга, Украина президенти Володимир Зеленский, дастлабки маълумотларга кўра, иккита баллистик ракета билан берилган зарба таълим муассасаси ва қўшни шифохона ҳудудига тушганини таъкидлади. «Алоқа институти биноларидан бири қисман вайрон бўлди, кўпчилик вайроналар остида қолиб кетди», — деб ёзган Зеленский.
«Мен воқеанинг барча ҳолатларини тўлиқ ва тезкор тергов қилишни буюрдим, - деди Украина президенти. - Зарбадан кейин биринчи дақиқалардан бошлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берган ҳар бир кишидан миннатдорман».
Воқеа жойидан олинган кадрларга кўра, Зеленский ёзган ўқув муассасаси Телекоммуникация ва ахборотлаштириш ҳарбий институтидир (собиқ Полтава олий ҳарбий қўмондонлик алоқа мактаби).
Украина Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, тревога ва ракеталар етиб бориши орасидаги вақт шунчалик қисқа бўлганки, одамлар бомбалардан ҳимояланиш бошпанасига етиб боришга улгурмаган.
Қутқарув операцияси давом этмоқда
Ички ишлар вазири Игор Клименконинг сўзларига кўра, қутқарувчилар зарбадан кейин содир бўлган ёнғинни ўраб олишган, улар 25 кишини, улардан 11 нафарини вайроналар остидан олиб чиқиб, қутқаришга муваффақ бўлишган, вайроналарни текшириш ишлари давом этмоқда. Яна беш киши харобалар остида қолаётган бўлиши мумкин.
«Зарба тўлқини оқибатида кўп қаватли уйларнинг ойналари синган, жабрланганлар бор-йўқлигини аниқлаш учун уйма-уй юриляпти. Мулкка зарар етказилгани ҳақида юзга яқин хабарлар аллақачон қайд этилган», — деб ёзди Клименко.
Фожиа қурбонлари хотирасига шаҳар ҳокимияти 4 сентябрдан бошлаб уч кунлик мотам эълон қилди.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
23:13 / 23.11.2024
Кремл янги сафарбарлик бўлмаслигини маълум қилди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
18:44 / 23.11.2024