Жаҳон | 10:24 / 05.09.2024
3868
2 дақиқада ўқилади

Новороссийскка денгиз дронлари ҳужум қилди

Новороссийск мэри Андрей Кравченко сувусти дронларининг ҳужуми қайтарилганини маълум қилди. Денгизда отишма овозлари эшитилган.

Иллюстратив фото: Getty images

Краснодар ўлкасининг Новороссийск шаҳри 5 сентябр, пайшанбага ўтар кечаси сувусти дронлар ҳужумига учради. «Экипажсиз қайиқларнинг ҳужуми қайтарилмоқда. Биринчи қирғоқ чизиғи аҳолисига алоҳида эътибор - ташқарига чиқманг!» – деди Новороссийск мэри Андрей Кравченко ўзининг Telegram-каналида.

Унинг сўзларига кўра, шаҳар соҳилбўйининг Исаев кўчасидан Мисхакогача бўлган 7 километрлик қисмида пляжлар ёпилган, транспорт ҳаракати чекланган. Денгизда отишма овозлари эшитилди, деб хабар бермоқда «Осторожно, новости» Telegram-канали маҳаллий аҳолининг видеоларини эълон қилиб.

Украина денгиз дронлари ҳужуми

Американинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази маълумотларига кўра, Россия кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Украина қуролли кучлари Россия Қора денгиз флоти тоннажининг тахминан 40 фоизини йўқ қилишга муваффақ бўлди. Хусусан, 2024 йил февралида Қрим қирғоқлари яқинида Украина дронлари «Цезарь Куников» йирик десант кемасини, март ойида эса «Сергей Котов» патрул кемасини чўктирган эди.

2023 йил август ойида денгиз дронлари Новороссийскдаги ҳарбий базага ҳужум қилиб, «Оленегорский горняк» йирик десант кемасига жиддий зарар етказди. 

Мавзуга оид