Сирдарёда тадбиркорларни қуёш панели ўрнатмагани учун электрдан узиш ҳолати президентнинг тегишли қарорларини нотўғри талқин қилиш сабабли келиб чиққан. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали Kun.uz хабарига нисбатан расмий муносабатида маълум қилди.

Аввалроқ Сирдарёда электрдан узилган тадбиркорлар ҳокимият биноси олдига йиғилганди.

ҲЭТ Сирдарё филиали ахборотига кўра, президентнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-57-сон ҳамда 2024 йил 31 майдаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-222-сон қарорларида мамлакат бўйлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз эҳтиёжининг маълум қисмини муқобил энергия манбаларидан ишлаб чиқариш белгиланган.

“Ушбу қарорлар ижроси Сирдарё тумани электр таъминоти масъуллари томонидан нотўғри талқин қилинган. Оқибатда истеъмолчилар томонидан норозигарчиликлар юзага келган. Келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича Сирдарё тумани электр таъминоти корхонаси масъуллари қатъий огоҳлантирилди”, дейилади расмий муносабатда.

Расмий баёнотда айтилган 222-сонли президент қарори очиқ манбаларда эълон қилинмаган. Аввалроқ Энергетика вазирлиги берган баёнотда бу қарор 2024 йил 14 июнда қабул қилингани ёзилганди. Сирдарё ҲЭТКнинг бугунги баёнотида эса бу “сирли” қарор 2024 йил 31 майда имзолангани айтилган.

Олдинроқ Kun.uz Олтинкўл ва Оққўрғон туманлари, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида фаолият юритадиган тадбиркорлар ҳам қуёш панелларини ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақида ёзганди. Олтинкўлда панел ўрнатмаган тадбиркорлик субъектлари бир неча кунга ёппасига электрдан узиб қўйилган. Демак, давлат раҳбарининг қарорлари бошқа ҳудудларда ҳам нотўғри талқин қилинаётган бўлиши мумкин.