Ўзбекистон | 18:23 / 05.10.2024
3680
2 дақиқада ўқилади

Реимбурсация дастури асосида берилган дориларнинг қиймати бюджетдан қопланади

Реимбурсация дастури асосида беморларга дори воситаларини тайинлаш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома қилган бирламчи тиббий-санитария муассасаси шифокори томонидан амалга оширилади.

Фото: Getty Images

Ҳукумат қарори билан «Касалликларни амбулатор шароитда даволашда дори воситалари харажатларини қоплаш бўйича реимбурсация дастури тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низом билан беморларни амбулатор шароитда даволаниши учун шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт асосида дорихоналар орқали дори воситаларини бериш ва берилган дори воситалари қийматини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш (реимбурсация) тартиби белгиланди.

Реимбурсация дастури асосида беморларга дори воситаларини тайинлаш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома қилган бирламчи тиббий-санитария муассасаси шифокори томонидан амалга оширилади.

Электрон рецепт тиббий ахборот тизимида шифокор томонидан расмийлаштирилади. Электрон рецептда ҳар бир ташхис бўйича учтагача дори воситаси кўрсатилиши мумкин.

Электрон рецептнинг амал қилиш муддати расмийлаштирилган кундан бошлаб 7 календар кунни ташкил қилади.

Шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт ўрнатилган тартибда тасдиқлангандан сўнг ахборот дастури орқали Жамғарма билан шартнома тузган дорихоналарга узатилади ҳамда беморнинг мобил телефон рақамига мазкур рецептнинг рақами ва санаси акс эттирилган SMS-хабарнома автоматик равишда юборилади.

Реимбурсация дастури доирасида иштирок этувчи дорихоналарнинг берилган дори воситалари бўйича сарф-харажатлар мазкур дориларнинг нархлари акс эттирилган ҳисоб-фактуралар асосида Жамғарма томонидан тўлаб берилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид