9 августдан бери қайиқда сузиб юрган эркак 14 октябр куни Камчатка қирғоқларида қутқарилди. Қайиқни маҳаллий балиқчилар тасодифан пайқаб қолди, деб ёзмоқда “Камчатка Life”. Бу вақт давомида 50 килограммга озиб кетган эркакни дарҳол шифохонага олиб кетишган. Қайиқда яна икки кишининг жасади бор эди — катта ёшли эркак ва ўсмир йигит.

Уларга нима бўлган?

Дастлаб икки эркак ва улардан бирининг ўғли бўлган 15 ёшли ўсмир 4 август куни китларни кўриш учун Шантар оролларига денгизга чиққан, деб таъкидлайди Baza. Улар 9 август куни “Байкат 470” русумли катамаран типидаги қайиқда ортга қайтишни бошлаган. Узоқ Шарқ транспорт прокуратураси маълумотларига кўра, саёҳатчилар Хабаровск ўлкасида жойлашган Перовский бурнидан йўлга чиқиб, Сахалин вилоятидаги Оха шаҳрига етиб келиши керак эди.

Улар ўзлари билан иссиқ кийимлар, қутқарув жилетлари ва фалшфеерлар (сигнал берувчи пиротехника) олиб кетганди. Бундан ташқари, 20 литр сув ва озиқ-овқат захирасини ҳам ғамлаб олишган. Аммо кутилмаганда қайиқ билан алоқа узилиб қолди, саёҳатчиларнинг ўзлари белгиланган жойга вақтида етиб келмади.

Қайиқ қандай топилди?

Октябр ойининг бошларида бедарак йўқолганларнинг қариндошлари уларни қидириш учун Сахалинга келди. Улар ижарага қайиқ олиб, Амур лимани қирғоқларини кўздан кечиришди. Қидирувлар натижа бермади.

14 октябрга келибгина қайиқ Камчатка ўлкасининг Уст-Хайрюзово қишлоғи яқинидан топилди. Супертраулерлардан бирининг экипажи қайиқни радарда кўриб, уни сузиб юрган чиқинди деб ўйлаган.

Икки киши — эркак ва ўсмир ҳалок бўлган. Марҳум эркакнинг акаси, ўсмирнинг амакиси бўлган 46 ёшли Михаил Пичугин эса тирик қолган. У денгиз сафари давомида 50 килограмм вазн йўқотди, ҳозирда аҳволи оғир. Пичугин ўз қариндошларининг жасадларини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, сафарда қайиқнинг двигатели шикастланган. Ҳолат юзасидан сув транспорти ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида икки ва ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди Узоқ Шарқ транспорт прокуратураси.

Денгизда ит билан