25 ноябр куни Янгиҳаёт туманининг Йўлдош мавзесида аҳолига “Спутник” номи билан таниш ҳудуддаги 409 та икки қаватли ёғоч уйлар бузилиши бошлангани хабар қилинганди.

Аммо тармоқларда жамоатчиликнинг мавзедаги дарахтзорлар йўқ қилинишига оид хавотирларидан сўнг пойтахт ҳокимияти ҳузуридаги “Tashkent Invest” компанияси дастур бошқа ҳудудда амалга оширилишини, яшиллик сақлаб қолиниши, уйларда яшовчилар эса бошқа ҳудудга кўчирилишини маълум қилди.

Таъкидланишича, Йўлдош мавзеси ҳудудида аҳоли 1966 йилнинг ёзидан яшай бошлаган. Шаҳарликлар учун уй-жой масаласининг вақтинчалик ечими сифатида тўрт юздан ортиқ икки қаватли ёғоч уйлар қурилган.

Ҳозирги пайтда бундай уй-жойлар маънан эскирган ва хонадонларнинг кичик майдони (ҳар бир кишига 16 кв м дан кам) ҳамда оддий маиший шароитларнинг йўқлиги сабабли сифатли уй-жойга қўйиладиган замонавий талабларга жавоб бермайди.

Аксарият уйларнинг ёғоч қурилиш конструкциялари ва муҳандислик тармоқлари юқори даражада жисмоний эскирган, шунингдек, энергия тежамкор эмас ва ёнғин хавфи юқори. Бундай уйларда яшаш шаҳарликлар учун ноқулай ва ҳатто хавфлидир”, – дейилади изоҳда.

Муаммонинг ечими сифатида ҳудудни реновация қилиш дастури ишлаб чиқилгани ва у бир нечта босқичларни ўз ичига олиши қўшимча қилинди.

Йўлдош мавзесида нималар қилинади?

Мавзе чинор, липа, эман ва бошқа турдаги дарахтлардан иборат яшил ўсимликлар билан қалин қоплангани сабабли реновация бошқа жойда амалга оширилади. Мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш ва даволаш, янги дарахт, буталарни ўтқазиш орқали замонавий дендропарк ташкил этилади.

Режага кўра, аҳолини кўчириш учун 1,5 км узоқликдаги Гулшaнобод маҳалласи танлаб олинган. Туман лойиҳаси ва концепцияси “Tashkent Invest” АЖ қурувчи компания билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда. Маълумотларга кўра, лойиҳа қурилиш компанияси билан тузилган инвестиция шартномаси асосида амалга оширилади, унда квартираларни давлат уй-жой фондига бериш шартлари акс эттирилган.