3 декабр куни оқшомда президент Юн Сок Ёл телевидение орқали халққа мурожаат билан чиқиб, мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. У ушбу қарорини конституциявий тузумни “коммунистик кучлар” ва Шимолий Корея таҳдидидан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади.

Нафақат Шимолий Корея, балки ичкаридаги “давлатга қарши унсурлар”дан ҳам таҳдидлар бор ва уларни йўқ қилиш керак, деди президент ўз мурожаатида. Юн Сок Ёл мухолифатни ҳукуматдаги энг асосий амалдорларга импичмент эълон қилишга уриниш орқали давлат фаолиятини фалажлаб қўйишда айблади. Унинг сўзларига кўра, янги ҳукумат иш бошлаганидан бери Миллий Ассамблея 22 нафар мансабдор, жумладан бир неча прокурор, ички ишлар вазири ва мудофаа вазирига импичмент эълон қилиш билан таҳдид қилган.

“Бу очиқ-ойдин давлатга қарши ҳаракат бўлиб, эркин Корея Республикасининг конституциявий тузумини бузади, Конституция ва қонунлар билан ўрнатилган давлат институтларини йўқ қилади, оқибатда фуқаролар уруши хавфи юзага келади”, – деди Юн Сок Ёл.

“Миллий Ассамблеямиз жиноий гуруҳлар уясига айланиб, мамлакатнинг суд-маъмурий тизимини фалаж қилиб қўйишга, қонунчилик диктатураси орқали либерал демократия тизимини ағдаришга уринмоқда”, – деди Корея президенти.

Фото: AP
Фото: Chang W. Lee/The New York Times

Шу тариқа, парламентга қарши айбловлар билан эълон қилинган ҳарбий ҳолат мамлакатнинг сўнгги 44 йиллик тарихидаги биринчиси бўлди. Юн Сок Ёл армия генерали Пан Ан Суни ҳарбий комендант этиб тайинлади ва мамлакатда қатор тақиқлар эълон қилинди. Хусусан, ҳарбий ҳолат вақтида ҳар қандай сиёсий фаолиятни амалга ошириш, сиёсий уюшмалар, митинг ва намойишлар ўтказиш тақиқланди, Миллий Ассамблея, маҳаллий кенгашлар ва сиёсий партиялар фаолияти ман этилди.

Кўп ўтмай пойтахт Сеул кўчаларида ҳарбий техникалар пайдо бўлди, шаҳар осмонида вертолётлар уча бошлади. Мамлакат мудофаа вазирлиги асосий қўмондонлар иштирокида йиғилиш ўтказишини эълон қилди, молия вазири ҳам марказий банк ва бошқа масъуллар иштирокида фавқулодда йиғилиш бўлиб ўтишини эълон қилди.