Қиш келиши билан метан-шохобчалар иш вақти яна чекланди, навбатлар километрларга чўзилмоқда. Шундай шароитда, Kun.uz саволларига жавоб берган энергетика вазирининг матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев ҳайдовчиларга газ бўлмаса, бензин қуйиш ёки электромобил сотиб олишни маслаҳат берди. Мавжуд вазият учун масъулиятни эса об-ҳавога юклади: “Декабр ойида бунақанги совуқ бўлмас эди, бу йил бизга ўзига хос иқлим кириб келди”.

Ўзбекистонга қиш ҳар йили келиши, қиш совуқ бўлиши қанчалик одатий ҳол бўлса, қишдаги энергетика муаммолари ҳам шунчалик одатий ҳолга айланган. Газ етмайди, босим пасаяди, газ қуйиш шохобчаларидан тортиб аҳоли хонадонларигача энергия тақчиллиги кузатилади.

Бу йил ҳам совуқ тушиши билан метан-шохобчаларнинг иш вақтига чеклов киритилди. Мақсад – газни аввало аҳоли хонадонларига ва ижтимоий объектларга етказиш. Метан-шохобчаларда эса турнақатор навбатлар юзага келган, ҳайдовчилар на газ ва на бензин топа олмаётганидан, сарсонгарчиликдан норози.

Эътиборлиси, Энергетика вазирлиги бу йил ҳам “аномал” об-ҳавога ишора қилмоқда. Вазирнинг матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев Kun.uz билан суҳбатда “аномал” сўзини ишлатмаган бўлса ҳам, маъноси шунга яқин “ўзига хос иқлим”ни сабаб қилиб келтирди.

Тўғри, қиш доим кириб келади, лекин олдинги йиллар билан солиштириладиган бўлса, декабр ойида бунақанги совуқ бўлмас эди. Мана, бу йил бизга ўзига хос иқлим кириб келди. Декабрнинг бошидан совуқ бўлди. Ойнинг охиригача мана шу жараён давом этиб бориши прогноз қилиняпти. Келаётган ҳафтанинг охири, келгуси ҳафтанинг бошларида бундан-да совуқ бўлиши кутилаётган экан.

Қиш мавсумига 3 хил сценарий асосида тайёргарлик кўрилгани айтилган. Ҳар бир сценарийнинг асосий мақсади – биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий инфратузилма объектларини иссиқлик билан таъминлаш.

Метан заправкалар ёпилишига келсак, уларнинг иш фаолияти чекланаётгани... Буни энди соат нечидан нечигача ишлашини ҳар битта ҳудуд ўзининг имконияти, иқтим шароитидан, вазиятдан келиб чиқиб белгилайди.

Айтиш керакки, метан заправка ёпиқ бўлган тақдирда, ҳайдовчиларимизда бошқа муқобил вариант бор. Яъни улар бемалол бензин қуйишлари мумкин. Хабаринглар бор, бензин биржага 2 баравар кўп миқдорда чиқариляпти. Агар талаб қилинса, балки 3 баравар кўп ҳам чиқарамиз, бу бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ, захира етарли”, – дейди у.