Суриядаги режим қулагач, бутун дунё бўйлаб Башар Асад оиласи томонидан ҳокимиятдаги 50 йилдан ошиқ вақт давомида тўпланган миллиардлаб доллар қийматдаги нақд пуллар ҳамда активлар учун «глобал ов» бошланди, деб ёзади The Wall Street Journal.

Асадлар оиласи бойлигининг аниқ миқдори номаълум. АҚШ Давлат департаменти 2022 йилда бу миқдорни аниқлаш қийинлиги қайд этиб, Асадлар оиласи билан алоқадор активларни бир миллиарддан 12 миллиард долларгача баҳолаганди. WSJ америкалик собиқ мулозимлар ҳамда тадқиқотчиларга таянган ҳолда Башар Асаднинг яқинлари томонидан амалга оширилган харидлар қаторида Москвадаги элита турар жойлар, Венадаги бутик-отеллар ҳамда Дубайдаги хусусий самолётни келтирган.

«Режим активлари учун ов халқаро миқёсда бошланади. Уларда ўз пулларини ювиш учун инқилобга қадар жуда кўп вақт бор эди. Уларда доимо „Б“ режаси бўлган ва ҳозирда улар сургунга жуда яхши тайёрланган», — дейди Оқ уйнинг собиқ ходими, АҚШ санкцияларига риоя этилиши бўйича иш давомида Асадлар оиласининг активларини қидириш билан шуғулланган Эндрю Таблер.

Асадлар оиласи Башарнинг отаси, 1970 йилда ҳокимият тепасига келган Ҳафиз Асад давридаёқ мулкларни эгаллаб олишни бошлаган. Башар Асаднинг университетдаги дўсти Айман Абдул Нурнинг сўзларига кўра, у ўз божаси куёви Муҳаммад Маҳлуфни тамаки маҳсулотлари импорти монополиясига раҳбар қилиб қўйган. Бундан ташқари, Маҳлуф жадал ривожланаётган қурилиш секторидан катта миқдорда комиссия тўловлари олади. 2000 йилда Ҳафиз Асад вафот этиб, унинг ўрнига ўғли Башар президент бўлганида, Муҳаммад Маҳлуф ҳам ўз бизнес-империясини ўғли Рамига ўтказади.

Парижлик адвокат, Асадларнинг активларини ўрганган Уилям Бурдоннинг сўзларига кўра, Маҳлуфлар оиласи президент номидан ҳаракат қилиб пул ишлаб, зарурат туғилганда режимни ва ҳукмрон оилани молиялаштириши кўзда тутилганди. Якунда Рами Маҳлуф банк сектори, медиа, божсиз савдо қилувчи дўконлар, авиакомпаниялар ва телекоммуникация соҳаларида активларга эга бўлди — АҚШ Давлат департаменти баҳоларига кўра, бу активлар баҳоси 10 миллиард доллар атрофида бўлган.

Сурияда 2011 йилда бошланган фуқаролик уруши Асадлар оиласига бойиш учун янги имкониятларни очади. Президентнинг кичик укаси Моҳир Асад армиянинг элита 4-зирҳли танк дивизиясига қўмондонлик қилган, дивизия ҳарбийлари каптагон («жиҳодчилар наркотиги» деб ҳам аталган психотроп модда) контрабандаси билан шуғулланиб, уни Яқин Шарқнинг бошқа минтақаларига етказиб берган.