Ўзбекистон | 09:58 / 28.12.2024
1055
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Миср тўсиқларни бартараф этиш ҳисобига товар айирбошлаш ҳажмини оширади

Ўзбекистон ва Миср 15 йил ичида ҳукуматлараро комиссиянинг илк йиғилишини Тошкентда ўтказди. 

Тошкентда Ўзбекистон ва Миср ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги.

Мажлис 2009 йилдаги сўнгги тадбирдан кейин 15 йил ичида биринчи марта ўтказилди. Делегацияга Ўзбекистон томонидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Миср томонидан эса режалаштириш, иқтисодий ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик вазири Рания ал-Машат бошчилик қилди.

Ўзбекистон инвестициялар вазири тўсиқларни бартараф этиш орқали яқин йилларда Миср билан савдо алоқаларини чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги Халқаро китоб ярмаркасига таклиф этилгани учун миннатдорлик билдирди.

Лазиз Қудратов Ўзбекистон Миср компанияларининг 2025 йилда ўтказиладиган кўргазмаларда иштирок этишидан, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес ўртасидаги ҳамкорликни соддалаштириш учун рақамли савдо платформаларини яратишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шунингдек, у хусусий секторни мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгашини тузиш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Сессия якунида томонлар бир нечта англашув меморандумлари ва битимларини имзолади:

  • Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан Миср Атроф-муҳит вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги техник ҳамкорлик бўйича;
  • Айн-Шамс университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ўртасида;
  • Миср қадимий ёдгорликлари олий кенгаши ва Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази ўртасида;
  • Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти билан Мисрнинг Александрия провинцияси ўртасида савдо-иқтисодий, илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун;
  • Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва ACDIMA компанияси ўртасида.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид