Метанга навбатлардан шикоят қилган ҳайдовчининг қамалиши: ижтимоий босим ортидан у озод қилинди. Аи-80 бензини 18 фоизга қимматлашди: 2025 йилги инфялция ҳам ёқилғи-энергетика соҳасидан бошланди. Ҳокимларнинг ваколатлари кенгаймоқда: энди улар 6 та вазирликнинг туман бўлимлари бошлиқларини алмаштириш ҳуқуқига эга. Ортда қолаётган ҳафтанинг муҳим воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Бошингизни кўтаринг, мана шунча одам ҳаммаси сиз тарафда”

Жума кунги суд мажлисида Ғайрат Дўстовга қарата айтилган бу гап якунланаётган ҳафтанинг ижтимоий кайфиятини яхши тасвирлаб беради. Метан-шохобчага туни билан навбат кутиб, навбати келганида шохобча ёпилганидан ёзғирган ва аламли сўзлари билан энергетика соҳаси масъулларини инсофга чақирган Damas ҳайдовчисининг қамаб қўйилгани, катта резонансни келтириб чиқарди.

Тармоқларда минглаб ўзбекистонликлар, жамоатчилик фаоллари, ҳуқуқшунослар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари оддий фуқарога нисбатан адолатсизлик бўлганини қатъиян қоралади. Кимдир ташвишли мушоҳада билан, кимдир эса ғазаб тагига яширинган умидсизлик билан ҳайдовчи ноҳақ қамалганидан норозилигини билдириб изоҳ ёзди. Habikatura муаллифи чизган сурат асосидаги флешмобга 66 мингдан ортиқ одам қўшилиб, Дўстовни озод этишга чақирди. Ижарага олинган Damas'да тирикчилик қилишини айтган ҳайдовчини моддий қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган хайрия акцияларида 100 млн сўм маблағ тўпланди.

3 январ куни бўлиб ўтган апелляция судида Ғайрат Дўстовни кўнгилли равишда 10 нафар адвокат ҳимоя қилди. Улар ҳуқуқий асослар кўрсатган ҳолда, суддан Дўстовни айбсиз деб топишни, биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилишни сўради. Дўстов ҳам ўз нутқида судядан адолат сўради: “Суддан сўрайдиган нарсам... Менинг тушунчамда, Ўзбекистонда қонунлар жуда яхши ишлаб чиқилган. Шунинг ҳаммасига адолатли иш юритилса, ҳар томонлама... [яхши бўларди]”.