Бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги трансформация жараёнлари янги босқичга кўтарилмоқда. Буни амалиётга татбиқ этилаётган Реимбурсация дастури мисолида ҳам кўриш мумкин.

Реимбурсация, яъни «харажатларни қоплаш» маъносини англатадиган бу тизим 2020–2024 йиллар давомида Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилди. Ҳозирги пайтда эса Сирдарё вилояти билан бирга Тошкент шаҳрида ҳам амалиётга татбиқ этилмоқда.

Хўш, бу дастурнинг асосий моҳияти нимадан иборат, бу орқали қандай мақсадлар кўзланмоқда?

«Аввало, ушбу эзгу ишда президентнинг 2024 йил 5 сентябрдаги «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора тадбирлар тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлганини айтиш зарур.

Зеро, унда шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт асосида дори воситалари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида беморга дорихоналар томонидан бепул берилиши ва барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилган», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Ҳозир дастурга 7 хил сурункали хасталик — гипертония, юрак-ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2 тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив хасталиги киритилган бўлиб, уларга чалинган  беморларга 27 хил дори-дармонлар бепул берилади.

Тизимдан фойдаланиш имкон қадар соддалаштирилган. Фуқаро, аввало, оилавий шифокорга бориб учрайди. Борди-ю, унда сал илгарироқ номлари келтириб ўтилган касалликлардан бири ёки бир нечтаси аниқланадиган бўлса, шифокор электрон рецепт шакллантиради.

Сўнг бемор телефонига СМС код келади ва шу код Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихонага ҳам боради. Бемор ёки унинг яқинларидан бири шу СМС кодни дорихона ходимига кўрсатиб, рецептдаги дориларни олиши мумкин бўлади.

СМС яхши ишламайдиган жойлардаги беморлар нима қилади? Бу масала ҳам ҳисобга олинган. Оилавий шифокор томонидан QR-кодли электрон рецепт шакиллантирилади ва беморга берилади.

Бемор ёки унинг яқинларидан бири QR-кодли электрон рецептни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихона ходимига тақдим этади ва ўзига керакли дори воситаларини олади.

Аммо шу билан жараёнлар якунланмайди. Бемор ўзи олган дориларни қабул қилиб бўлгач, яна шифокор ҳузурига келади. Шифокор уни текшириб бўлгач, янги электрон рецептни шакллантиради.