Гулистон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Қодир Додоев жиноий жавобгарликка тортилди. Суд ҳукмига кўра, у жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, Қодир Додоев Гулистон шаҳар ҳокимининг ўринбосари – инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, ўз мавқейидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик йўли билан хитойлик инвесторларнинг пул маблағларини қўлга киритган. Бунда у таржимон Абдуворис Абдувалиев ва фуқаро Шокир Файзиев билан жиноий тил бириктирган.
Қодир Додоев 2023 йил сентябр ойида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда инвестиция киритиш мақсадида Сирдарё вилоятига келган Хитой Халқ Республикаси фуқаролари Жин Донгенг ва Хуэ Жонгвунинг ишончига кирган. “Замҳоким” жиноий шериклари билан тил бириктириб, инвесторларга паррандачилик фаолиятини амалга ошириши учун e-auksion’га қўйилган, Сайхунобод тумани Нурли йўл маҳалласидаги умумий ер майдони 9,2 гектар эски пахта заводи объектнинг нархи 200 минг доллар экани ҳақида ёлғон маълумотлар берган. Объект ва ер майдонининг ҳақиқий нархи эса 1 млрд 844 млн сўм бўлган.
Сўнгра Жин Донгенгга пахта заводнинг улушдорига пул беришлари лозимлигини айтиб, инвестордан фирибгарлик йўли билан дастлаб 15 минг доллар, 2023 йилнинг 2 ноябр куни эса Қодир Додоевнинг хизмат хонасида 185 минг доллар олган. Ушбу пулдан 134 минг 450 доллари e-auksion’да ютиб олинган объект учун тўлов қилинган. Қолган 65 минг 550 доллар эса фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган.
Қодир Додоев ўзларининг ушбу ҳаракатларига қонуний тус бериш мақсадида мансабидан фойдаланиб, Гулистон шаҳар ҳокимлигининг гербли муҳридан фойдаланган ҳолда тармоқ жадвали ясаб берган. Жадвалга 190 минг доллар ёзуви киритилган ҳамда ҳокимият муҳри босилиб, олинган пулларни тасдиқловчи ҳужжат сифатида Жин Донгенгга тақдим этилган.
Бундан ташқари, “замҳоким” 2023 йил ноябр ойи бошларида Гулистон шаҳар, Улуғобод маҳалласида жойлашган 9,8 гектар ерни Жин Донгенгга кўрсатган. Ер майдони инвесторга маъқул бўлгач, унинг нархи 150 минг доллар эканини, бошидан 100 минг доллар берса, қолган 50 минг долларини ернинг кадастр ҳужжатлари тайёр бўлишидан сўнг бериши мумкинлигини айтган. Жин Донгенг 2023 йил ноябр ойлари ўртасида Хитойга бориб, пул жўнатган. Жўнатилган маблағни унинг ўғли Жин Йингҳуа ва жияни Хуэ Жонгву Тошкент шаҳрига бориб олиб, биргаликда Қодир Додоевнинг хонасига келтириб берган.
Жиноий гуруҳ Жин Донгенгга кўрсатилган саноат зонасидаги ер тўғридан тўғри сотилмаслигини била туриб, инвесторнинг 100 минг доллар пулини қўлга киритган. Сўнгра ўзларининг ушбу ҳаракатларига қонуний тус бериш мақсадида Додоев эски усулини қўллаган: Гулистон шаҳар ҳокимлигининг гербли муҳридан фойдаланган ҳолда мазкур саноат зонасидаги 9,8 гектар ернинг келгусида ишлатилиши бўйича тармоқ жадвали ясаб берган. Ушбу жадвалга 150 минг доллар ёзувлари киритилган ҳамда ҳокимлик муҳри босилиб, олинган пулларни тасдиқловчи ҳужжат сифатида Жин Донгенгнинг ўғли ва жиянига тақдим этилган.









