Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Рамштайн форматидаги Алоқа гуруҳининг 25-йиғилишида тақдим этилган Украинанинг 2025 йилга мўлжалланган ҳарбий стратегиясини баён қилди. «Учрашув давомида биз тўртта асосий устувор йўналишга асосланган стратегиямизни тақдим этдик: фронт чизиғини барқарорлаштириш, Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, осмон ва денгиз йўллари ҳимоясини кучайтириш ҳамда тажовузкорнинг устунликка эришиш уринишларига симметрик миқёсда жавоб бериш», деб ёзди Умеров 10 январ, жума куни Facebookʼда.

Мудофаа вазирлиги раҳбари йиғилишнинг асосий ютуқлари қаторида саккизта «имкониятлар коалицияси доирасида ишлаб чиқилган Украина мудофаа кучларини 2027 йилгача ривожлантириш бўйича «йўл хариталари»нинг тасдиқланишини қайд этди: авиация, ҳаво мудофааси, денгиз кучлари, артиллерия, зирҳли транспорт воситалари, IT, дронлар ва миналардан тозалаш технологиялари». «Биз ҳамкорликнинг янги босқичига ўтдик: урушнинг бевосита эҳтиёжларини қондиришдан ташқари, биз ўзимизнинг узоқ муддатли имкониятларини яратиш устида ишлаймиз», — деди Умеров ва Германияда бўлиб ўтган учрашувни »Украина мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашнинг навбатдаги босқичи бўлган энг муҳимларидан бири» деб атади.

Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги деярли уч йиллик кенг кўламли уруш давомида Рамштайн форматида иштирок этувчи давлатлар Украинага хавфсизлик бўйича 145 миллиард доллардан кўпроқ (140 миллиард евродан ортиқ) ёрдам кўрсатишини эълон қилди, дея қўшимча қилди вазир.

Зеленский Рамштайнда Ғарбни Украинага қўшин юборишга чақирди

Украинага хорижий қўшинларнинг киритилиши Россияни тинчликка мажбурлашнинг энг яхши воситаларидан биридир. Бу фикрни Украина президенти Володимир Зеленский 9 январ куни Германиянинг Рейнландия-Пфалцида Украина бўйича Рамштайн форматидаги алоқа гуруҳи 25-йиғилиши чоғида билдирди.

«Биз ҳаммамиз тушунамизки, бугун (Россия президенти Владимир) Путиннинг мақсадлари ўзгаришсиз қолмоқда. У Украинани бутунлай йўқ қилмоқчи — ва барчамизни, шу жумладан сизни ҳам синдирмоқчи. Шунинг учун бизнинг мақсадимиз — Россияни тинчликка мажбурлаш учун имкон қадар кўпроқ воситаларни топиш, - деди Украина раҳбари учрашув бошида. - Мен ҳамкорлар контингентини бундай жойлаштириш энг яхши воситалардан бири, деб ҳисоблайман».

Зеленский ўзининг Telegram-каналида ўтган йилнинг шу куни Франция «тинчликни янада яқинлаштириш учун Украинада ҳамкорлар контингентларини жойлаштириш» ғояси билан чиққанини эслади. Шунингдек, Киев Буюк Британиядан бу ғояни қўллаб-қувватловчи «сигналлар»ни эшитди, дейилади хабарда.