АҚШнинг 47-президентига айланган Трампнинг инаугурация маросими чекланган сонли меҳмонлар иштирокида ўтди. Тадбирда сиёсатдонлар, давлат хизматчиларидан ташқари дунё миллиардерларини ҳам кўриш мумкин. Маълум бўлишича, маросимда жами бойлиги 1,2 трлн доллар бўлган бойлар қатнашган.

Доналд Трампнинг инаугурация маросимида жами бойлиги 1,2 триллион доллар бўлган миллиардерлар ҳам қатнашди. АҚШнинг 47-президенти сифатида Трамп қасамёд қиларкан, охирги 40 йил ичида илк бор бу сиёсий тадбир Капитолий ичкарисида ўтказилди. Бундан ташқари, пойтахт Вашингтон инаугурация кунида минг-минг полиция ҳамда хавфсизлик кучлари қуршовида қолди. Обаманинг икки инаугурацияси, Трампнинг 2017 йилги ва Байденнинг қасамёди ҳам бунчалик қаттиқ назорат остида ўтмаганди. Капитолий яқинидаги жамоат жойлари ёпилган, вокзал ва метро бекатлари ҳам жиддий текширув остига олинган. Маросим бўладиган залга эса фақат сиёсатчилар, давлат хизматчилари, махсус меҳмонлар қўйилди. Уларнинг сони бир неча юзлаб, холос.

Минглаб америкаликлар эса бу гал бевосита инаугурацияни томоша қилолишмади. Байденникига ҳам рекорд даражада кам одам келган, сабаби пандемия пайти эди. Меҳмонлар ичида VIP гуруҳ бор, булар дунё миллиардерлари. Трампнинг инаугурация маросимига бойлиги жами 1,2 трлн доллар бўлган бойлар келди. Қасамёддан аввал тадбирда SpaceX ва Tesla раҳбари Илон Маск, Амазон асосчиси Жефф Безос ҳамда Мета раҳбари Марк Цукерберг қатнашиши эълон қилинганди. NBC news буни ёритаркан, миллиардерларга Президент минбари яхши кўринадиган алоҳида жой ҳозирланаётгани маълум қилинганди. Лекин инаугурацияда VIP меҳмонлар рўйхати узунроқ. Кучли учликдан ташқари, Open Ai – яъни, Open сунъий интеллект компанияси раҳбари, бойлиги 1,1 млрд долларга баҳоланган Сам Альтман, Apple компанияси бошқаруви раиси ва бойлиги 2,2 млрд долларга баҳоланган – Тим Кук, Лас Вегасдаги Sands корпорацияси асосчиси марҳум Шелдон Гари Аделсоннинг миллиардер ва бойлиги 31,9 млрд долларга баҳоланадиган яҳудий хотини Мириам Аделсон, Fox News телеканалининг собиқ раҳбари , бойлиги 22,2 млрд долларга баҳоланган Руперт Мердоклар Капитолий ичкарисида кўриниш беришди.

Хориждан таклиф қилинган бойлар ҳам бор. Масалан, Франциянинг энг бой одами, бойлиги қарийб 180 млрд долларга баҳоланган Louis Vuitton раҳбари Бернард Арно ўғли билан маросимга келди. Ҳиндистоннинг энг бой одами Мукеш Амбани ҳам инаугурацияни ўтказиб юбормаган. The New York Times ёзишича, Лас Вегасдаги казино раҳбари ҳамда Трампнинг дўсти Фил Руффин Капитолийда кўриниш берган. Трамп маъмуриятида юқори лавозимлар таклиф қилинган Говард Лутник ва Вивек Рамасвамилар қасамёд маросимига келган. Уларнинг умумий бойлиги 2,5 млрд доллар.