Ўзбекистон | 15:55 / 27.01.2025
5595
2 дақиқада ўқилади

«Довуд ота» постидан Қозоғистонга ўтиш ва қайтиш уч ойга тўхтатилади

Қорақалпоғистон ва Қозоғистон ўртасидаги «Тажен» — «Довут ота» чегара ўтказиш пунктларида ҳаракатланиш 1 февралдан вақтинча тўхтатилади. Уч ой давомида таъмирлаш ишлари олиб борилади. Чеклов рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларига татбиқ этилмайди.

Фото: Божхона қўмитаси

Қорақалпоғистонда жойлашган «Довуд ота» (Қозоғистоннинг «Тажен») чегара ўтказиш пункти 1 февралдан вақтинча ёпилади, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев.

Пунктлар орқали ҳаракатланиш уч ой муддатга вақтинча тўхтатилади. Чеклов фуқаролар, енгил автомобиллар, автобуслар ҳамда рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобилларига тааллуқли. Истисно тариқасида 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларининг ҳаракати узлуксиз давом эттирилади.

Ушбу вақтда чегара ўтказиш пунктларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилади ва у Қозоғистон томонидан жисмоний шахслар ва транспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.

Мазкур давр мобайнида «Тажен» — «Довут ота» чегара ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланувчи шахслар, енгил автомобиллар, автобуслар ҳамда рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобиллари «Яллама», «Зангиота (Навоий)», «Оқ олтин» ва «Малик» ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари сўралди.

Жисмоний шахслар «Қорақалпоғистон» темирйўл ўтказиш пункти орқали йўловчи поездларида ҳаракатланиши мумкин.

Мавзуга оид