Жаҳон | 12:05 / 28.01.2025
252
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британияда 200 та компания тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтди

Асосан ёш ходимлар янги моделни ёқлаб чиқмоқда. Улар беш кунлик иш ҳафтасини эски давр сарқити деб ҳисоблайди.

Фото: AP

Буюк Британиянинг икки юзта компанияси ходимларнинг иш ҳақини сақлаган ҳолда доимий тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтди. Умумий ҳисобда ушбу компанияларда 5000 дан ортиқ одам ишлайди, деб хабар бермоқда The Guardian Британиянинг тўрт кунлик ҳафта фонди маълумотларига таяниб.

Соҳа бўйича қаралса, янги сиёсат асосан маркетинг ва реклама компаниялари ҳамда оммавий ахборот воситалари (30 та корхона) томонидан қабул қилинган. Уларнинг ортидан хайрия ва ижтимоий таъминот ташкилотлари (29 та компания), ахборот технологиялари соҳасидаги корхоналар (24 та компания) ҳамда бизнес, консалтинг ва бошқарув билан шуғулланувчи ташкилотлар (22 та компания) янги режимни жорий этди. Тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтган фирмаларнинг аксарияти Лондонда жойлашган.

Янги режим тарафдорлари беш кунлик моделни эски иқтисодий давр сарқити деб ҳисоблайди.

“Эрталаб соат 9 дан кечки 5 гача давом этадиган беш кунлик иш ҳафтаси 100 йил аввал ўйлаб топилган ва уни янгилаш пайти аллақачон келган”, — деди Тўрт кунлик ҳафта фонди директори Жо Райл. “Иш ҳақи камайтирилмаган ҳолда тўрт кун ишлаш ҳам ходимлар, ҳам иш берувчилар учун фойдали, буни юзлаб Британия компаниялари ва битта маҳаллий кенгаш мисолида кўрдик”.

Spark Market Research томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, анъанавий меҳнат моделларига кўпроқ, ёш ходимлар қарши чиқмоқда. 18 ёшдан 34 ёшгача бўлган британияликларнинг 78 фоизга яқини беш йил ичида тўрт кунлик иш ҳафтаси одатий ҳолга айланишини тахмин қилмоқда. Spark бошқарув директори Линси Керолан бу ёшдаги инсонлар, яъни кейинги 50 йилнинг асосий ишчи кучи “эски иш услубларига қайтишни хоҳламаслигини” таъкидлади.

“Ушбу гуруҳ ҳам руҳий саломатлик ва умумий фаровонликни ўзининг асосий мақсадлари деб ҳисоблайди. Тўрт кунлик иш ҳафтаси эса улар учун ҳаёт сифатини оширишнинг муҳим омилидир”, — деб хулоса қилди у.

Британияда тўрт кунлик иш ҳафтаси бўйича эксперимент 2024 йилда амалга оширилган эди. Унга дастлаб 17 та компания қўшилган. Синов вақтида ушбу компанияларда меҳнат унумдорлиги ўсиб, ходимлар ишидан мамнун бўлган, шунингдек, ёш мутахассисларни ишга жалб қилиш осонлашган.

Мавзуга оид