Kun.uz қарийб 20 йилдан бери учувчи бўлиб ишлаётган Улуғбек Мавлонов билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, авиация инсонлар узоғини яқин қилди, транспортлар ичида энг хавфсизи ҳам – самолёт. Охирги пайтда дунё осмонида авиаҳалокатлар кескин кўпайди деган фикрга эса учувчи қўшилмайди. Суҳбатда Озарбойжон самолётининг Ақтаудаги ҳалокати, учувчи бўлишнинг хавфли томонлари ва қийинчиликлари, ҳаво кемасининг қандай ҳаракатланиши-ю, фавқулодда ҳолатлардаги ечимлар ҳақида сўз боради.
Улуғбек Мавлонов 2006 йилдан бери “Uzbekistan Аirways” АЖда учувчи бўлиб ишлар экан, ҳозиргача 8 минг соатдан кўпроқ учган. У асосан Ню Йорк, Сеул, Мосвка, Пекин, Дубай, Жакарта каби шаҳарларга парвоз қилади. Мавлоновнинг сўзларига кўра, у бу касб эгаси бўлишни боғча ёшидан истаган, учувчиликдан бошқа касб эгаси бўлишни хаёлига ҳам келтирмаган. “Санкт-Петербургда ўқишни тамомлагач, 2006 йилдан бошлаб одам таший бошладим. Ўша пайтда кичкина «АН-24» русумли самолёт бўларди, хавфсиз, лекин шовқини баланд ва эскирган эди”, дейди учувчи.
Дунё осмони нега нотинч?
2024 йилнинг охири, 2025 йилнинг биринчи ойи авиаҳалокатларга бой бўлди. Кетма-кет айнан йўловчи ташиш самолётлари аянчли аварияларга учради, юзлаб инсонлар ҳалок бўлди. Масалан, Ақтауга қулаган Озарбойжон самолёти ёки тўсиққа урилиб ёниб кетган Кореядаги самолёт – кўпчиликнинг таъбини хира қилди. Бундан ташқари, Европа, АҚШда ҳам қатор авиаҳалокатлар юз бердики, натижада авиация хизматларидан қўрқадиганлар сони кўпайди. Хўш, аслида аввал ҳам шундай кўплаб ҳалокатли воқеалар юз берганмиди ёки бу медиа юзини кўрмаганми? Улуғбек Мавлонов авиаҳалокатлар бирдан кўпайган, деган фикрга қўшилмайди.
“Ҳозир медиа ривожланди, улар тез ишлаяпти. Авваллари ҳам бундай воқеалар юз берган, статистика транспорт воситалари ичида энг хавфсизи самолёт эканини исботлайди. Лекин ОАВда хабарлар жуда тез тарқалмоқда, тўғрилигини текширмасдан ҳам бериб юборишади. Аслида ҳаммаси ўша-ўша”, - дейди учувчи.
Охирги 20 йилда авиация қандай ўзгарди?
Улуғбек Мавлоновга кўра, охирги 20 йилда авиация соҳаси такомиллашди, самолётлар анча қулай, замонавий ва хавфсиз бўлди. Чунки олдинлари ҳалокатларда инсон иштироки кўп эди, яъни аксарият ҳолларда экипаж аъзолари ёки учувчи айбдор бўларди. Лекин ҳозир ҳаво транспорти автоматлаштирилди, замонавийлашди. Аввалгиларига қараганда ҳозирги самолётларни бошқариш ҳам анча осонлашган, дейди учувчи.








