“Қамоқда ўлиб кетади деб ўйлашган” – Оҳангаронда қамоқдаги маҳкумнинг уйи суд қарори билан ўзлаштириб олингани маълум бўлди
Рустам Қурбонов 2007 йилда одам ўлдиришга суиқасд жиноятида айбланиб, 19 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Орадан 17 йил ўтиб озодликка чиққанида эса Оҳангарон шаҳридаги қонуний мулки ҳисобланган квартираси суд қарори билан бошқа шахсга ўтиб кетгани маълум бўлади. Уни ўзлаштирган шахс Қурбоновга бегона эмас – эски таниши, айни пайтда Оҳангарон шаҳар ҳокими ўринбосари бўлган Зуфар Каримов. Судда квартира эгаси иштирок этмаган: шов-шувли жиноят содир қилиб узоқ муддатга “кесилган” одамни “Россияга ишлаш учун кетди ва 4 йилдан бери ундан хабар бўлмади” деб расмийлаштиришган. Ишни жамоатчиликка таниш судя, фуқаронинг уйини сохта ҳужжатлар билан ўз номига ўтказиб, сотиб юборган Наманган вилоят суди раисининг ўринбосари Абдураҳмон Сафаев кўрган.
19 йиллик қамоқ
2007 йилда Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида шов-шувли жиноят юз беради: фуқаро Рустам Қурбонов Оҳангарон тумани ИИБ бошлиғи ўринбосарига тўппончадан ўқ узиб, елкасидан жароҳатлайди.
Рустам Қурбонов Жиноят кодексининг 25,97 (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ва бошқа моддалари билан айбли деб топилган ва 2008 йил апрел ойида 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жазо у хибсга олинган сана – 2007 йил 26 октябрдан бошлаб ҳисобланган. ИИБ мулозимининг отилиши билан боғлиқ бўлгани боис ушбу жиноят тафсилотлари ўша вақтда кўпчиликнинг қулоғига етиб борган эди.
2024 йил октябр ойи охирида озодликка чиққан Қурбонов жазо муддатининг илк йилларида Оҳангарон шаҳридаги уйини таниши Зуфар Каримов суднинг ҳал қилув қарори билан ўз номига расмийлаштириб олганини айтмоқда. У Kun.uz’га тақдим қилган ҳал қилув қарори нусхасида Зуфар Каримов чиндан ҳам Рустам Қурбоновнинг уйини ўз номига расмийлаштириб олгани кўринади.
Зуфар Каримов айни пайтда Оҳангарон шаҳри ҳокими ўринбосаридир.
“Топилмаган” одам ва суднинг саволларга тўла қарори
Низоли хонадоннинг Рустам Қурбоновдан Зуфар Каримовга ўтиши фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон судининг 2008 йил 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан асослантирилган. Ишни ўша пайтда фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро суди раиси бўлган Абдураҳмон Сафаев кўриб чиққан.
Ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Зуфар Каримов судга жавобгар Рустам Қурбоновга нисбатан Оҳангарон шаҳри, 1-кичик туман, 51-уйнинг 2-хонадони олди-сотди битимини ҳақиқий деб топиш тўғрисида даъво аризаси киритган.
Судда Зуфар Каримов хонадонни 2004 йил 14 апрелда эгаси Рустам Қурбоновдан 2 минг АҚШ долларига сотиб олганини, бунга гувоҳлари борлигини, Қурбонов тилхат ёзиб берганини айтган.
Ҳал қилув қарорида Зуфар Каримовнинг кўрсатмалари шундай баён этилади:
“Рустам Қурбонов пулни тўлиқ олганидан сўнг менга уй калити ва ҳужжатларини берди. Кейин хонадонни тез кунда нотариал идора орқали расмийлаштириб беришини ваъда қилди.
Хонадоннинг коммунал ва бошқа тўловлари бўйича Қурбоновнинг қарзлари кўп эди. У мен берган пулдан мана шу қарздорликларни ёпиб бериши лозим бўлган. Лекин у кўп ўтмасдан Россияга ишлаш учун кетди (!) ва 4 йилдан бери ундан хабар бўлмади. Уни қариндошлари орқали ҳам суриштириб топа олмадим.
Хонадонда 4 йилдан бери оила аъзоларим билан яшаб, барча тўловларни амалга ошириб келяпман”.
Суд Рустам Қурбоновнинг “аниқ яшаш манзили номаълум бўлганлиги сабабли” (?) ишни унинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топган.
Судда гувоҳ сифатида сўралган К.Сатторов ҳамда Б.Шометов исмли шахслар Зуфар Каримов 2004 йил 14 апрелда Рустам Қурбоновдан хонадонни сотиб олганида гувоҳ сифатида иштирок этишганини, Қурбонов келишилган пулни олиб, ўз қўли билан тилхат ёзиб берганлигини билдиришган.
Суд даъвогар баёноти, гувоҳлар кўрсатмасини эшитиб, даъвони қаноатлантиришни лозим топган.
“Рустам Қурбонов хонадонини сотиб, пулини олгани судда ўз исботини топди. Кейинчалик у уйни нотариал идора орқали даъвогар номига расмийлаштириб бериши лозим бўлган. Бироқ у “номаълум манзилга ишлаш учун кетиб қолган ва ҳозирги кунгача қайтиб келмаган”, дейилади суднинг ҳал қилув қарорида.
Қарорда тарафлар ўртасида хонадоннинг олди-сотди битими амалга оширилганлиги жавобгарнинг тилхати, ҳужжатларини даъвогарга бериб, уйни бўшатиб кетганлиги, 4 йилдан бери хонадонга даъво қилиб келмаганлиги ва бошқа важлар билан ўз исботини тўлиқ топганлиги келтирилган. Суд “тарафлар ўртасидаги турар жойнинг олди-сотди битимини ҳақиқий деб топиш лозим ва ушбу низони ўзгача йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқ”, деган хулосага келган.
Шунингдек, суд даъвогар ўз ҳуқуқини тиклаш учун белгиланган муддатни “жавобгарни қидириб топа олмасдан узрли сабабларга кўра” (?!) ўтказиб юборган, дея уни тиклаб беришни лозим топган.
Шу тариқа, суднинг ҳал қилув қарори билан баҳсли хонадон Зуфар Каримовга ўтган. Қарорда “номаълум манзилга ишлаш учун кетиб қолган” деб кўрсатилган, аслида эса жазони ижро этиш муассасасида бўлган Рустам Қурбонов бундан бехабар қолган.
Рустам Қурбоновга кўра, у Зуфар Каримов билан аввалдан таниш бўлган. Демакки, Рустам Қурбоновнинг жиноят содир қилиб, 19 йилга “кесилиб” кетганини Оҳангарон шаҳрида етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қарийб барча эшитган бир пайтда Зуфар Каримов хабардор бўлмай қолиши бироз ғалати.
“Бунақа кўрсатма бермаганман”
Суднинг ҳал қилув қарорида гувоҳ сифатида Баҳром Шометов сўралгани келтирилган. Унда шундай дейилади:
“Гувоҳ сифатида сўралган Б.Шометов Зуфар Каримов 2004 йилда Рустам Қурбоновдан Оҳангарон шаҳар 1-кичик туман 51-уйнинг 2-хонадонини сотиб олганида гувоҳ бўлиб иштирок этганлигини, Оҳангарон шаҳридаги коллеж олдида Рустам Қурбонов Зуфар Каримовдан долларни олиб, унга ўз хонадонини сотганлиги ҳақида тилхат ёзиб берганлигини, хонадон ҳужжатларини берганлигини кўрсатди”.
Аммо Kun.uz билан суҳбатлашган Баҳром Шометов судда бундай кўрсатма берганини рад қилди.
“Камол Сатторов исмли йигит бор, Рустамнинг ўртоғи эди у ўша пайтда. Бир куни кечаси Зуфар Каримов олдимга келди ва Камол Сатторовга пул бериб келишимизни айтди. Бордик. Йўлнинг бўйида дўкон бор эди. Ўша ерда тўхтади. Машинанинг ичида 2 минг доллар санади ва “ака, қараб туринг”, деб машинадан тушиб, бериб келди. “Камолга 2 минг доллар бердим”, деди келиб. Лекин ўша нарсани кейин судга чақирганида Камол Сатторов пулни олиб, Рустамга берганман деди.
Қисқача суд бўлди. Судя кириб, “2 минг доллар берганини кўрганмисан?” деди. Қоронғи бўлганини, Зуфар машинадан тушиб пулни бериб келганини айтдим. Айнан Зуфар Каримов Рустам Қурбоновга 2 минг доллар берганини кўрмаганман, Камол Сатторовга берганини кўрганман”, дея маълум қилди Баҳром Шометов.
Унинг қўшимча қилишича, ҳолат суднинг ҳал қилув қарорида кўрсатилганидек 2004 йилда эмас, суд бўлишидан, яъни 2008 йил сентябр ойидан олдинроқ бўлган.
“Замҳоким” нима дейди?
Каримов Зуфар Олимжонович 2022 йил июл ойидан буён Оҳангарон шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келади. Бунгача у шаҳардаги Ёшлик маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Зуфар Каримов билан боғланди.
“У квартира Рустам Қурбоновники эмас, Камол Сатторовники бўлган, ҳужжат унинг номида бўлган холос. Квартирани 2008 йилда сотиб, ҳовлига чиқиб кетганман. Аллақачон 2-3 кишига сотилиб кетган у хонадон.
2004 йилда олган бўлсам, бориб-келиб хабар олиб юрилган уйдан. Ўша вақтда номимга ўтказиб олмаганимнинг сабаби коммунал тўловлардан қарздорликни тўлаб бермасдан чўзиб юрди Камол ака.
2004 йилда пулни Камол Сатторов ва Рустам Қурбонов иккаласига берганман. Баҳром Шометов ва Шерзод ака деган одамлар ҳам бўлган. Шерзод ака вақти бўлмай, судга келмаган.
Хуллас, унинг уйи бўлмаган: пулни олган, тилхатни ёзган, уй ҳужжатларини берган. Тилхатни судга тақдим қилганмиз”, дея изоҳлади ҳолатни Зуфар Каримов.
Шунингдек, у Рустам Қурбонов истаса судга бериши мумкинлигини, бу ишлар суд тартибида ҳал қилиниши кераклигини билдирди.
Зуфар Каримов суҳбатда “2004 йилда уйни олган бўлса, бориб-келиб хабар олиб юрилганини” маълум қилди. Аммо суднинг ҳал қилув қарорида у хонадонда “4 йилдан бери оила аъзолари билан яшаб келгани” келтирилган.
Суддаги гувоҳ бутунлай бошқа гап айтмоқда
Зуфар Каримов суҳбатда баҳсли квартира аслида Рустам Қурбонов эмас, Камол Сатторовники эканлигини айтяпти. Аммо судда гувоҳ сифатида сўралган Камол Сатторов бунақа кўрсатма бермаган.
У судда “Зуфар Каримов 2024 йил 14 апрелда Рустам Қурбоновдан Оҳангарон шаҳри, 1-кичик туман, 51-уйнинг 2-хонадонини сотиб олганида гувоҳ бўлиб иштирок этганлигини, Рустам Қурбонов келишилган пулни олиб ўз қўли билан тилхат ёзиб берганлигини ва хонадоннинг барча ҳужжатларини Зуфар Каримовга берганлигини, шундан бери уни кўрмаганлигини, тахминан 4 йилдан бери бу хонадонда Зуфар Каримов оиласи билан бирга яшаб келаётганлигини” айтган.
Рустам Қурбонов Kun.uz билан суҳбатда тилхат ёзгани ва уй ҳужжатларини Зуфар Каримовга берганини бутунлай рад қилмоқда.
“Уй ҳужжатини ҳеч кимга бермаганман. Ҳужжатлар уйда турганди. Хонадоннинг калитини эса Камол Сатторовга бериб қўйгандим. У келиб-кетиб, хабар олиб юрган”, дейди у.
Икки “дело”да бир прокурор ёрдамчиси
Рустам Қурбоновнинг 19 йилга ҳукм қилинишига оид жиноят судида Оҳангарон шаҳар прокурорининг ёрдамчиси С.Жамолов иштирок этган ва давлат айбловини қувватлаган.
Квартира Рустам Қурбоновдан Зуфар Каримовга ўтишига асос бўлган фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон судининг 2008 йил 17 сентябрдаги ҳал қилув қароридан кўринишича, ушбу ишда ҳам Оҳангарон шаҳар прокурорининг ёрдамчиси С.Жамолов қатнашган.
Икки суд ишининг муддатлари орасидаги фарқ 6 ойни ташкил қилади. С.Жамолов бу муддатда Рустам Қурбоновнинг узоқ муддатга қамалганини унутиб қўйиши ҳамда суднинг ҳал қилув қарорида у “номаълум манзилга ишлаш учун кетиб қолган ва ҳозирги кунгача қайтиб келмаган”, дея кўрсатилишига эътиборсиз қараганини қандай баҳолаш мумкин?
Судянинг “қўли” борми?
Суднинг ҳал қилув қароридаги ноаниқликлар, қамоқда сақланаётган маҳкумнинг “топилмади, номаълум томонга кетиб қолган”, дея кўрсатилиши ишни кўрган судя Абдураҳмон Сафаевга нисбатан қатор саволларни юзага чиқаради. Қолаверса, айни шу судя олдинроқ Наманганда фуқаронинг уйини сохта ҳужжатлар билан ўз номига ўтказиб, сотиб юборгани билан “тилга тушганди”.
Унга кўра, Наманган вилояти суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдураҳмон Сафаев Наманган шаҳри Алишер Навоий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги ўзганинг эгалигида бўлган хонадонни сохта ҳужжатлар билан ўз номига расмийлаштириб, бошқа бир одамга сотиб юборгани айтилган. Ушбу ҳолатни Kun.uz’нинг бир-биридан мустақил икки манбаси тасдиқлаган.
Судялар Олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров Kun.uz сўровига жавобан ушбу ҳолат бўйича Абдураҳмон Сафаевга нисбатан хизмат текшируви ўтказилганини билдирганди. Хизмат текшируви натижасида А.Сафаевга нисбатан қандай чора қўлланганига доир савол эса ҳамон очиқ турибди.
Бу орада Судьялар олий кенгаши томонидан А.Сафаевга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилганига оид узуқ-юлуқ хабарлар ҳам тарқади. Прокуратура унинг ҳаракатларига қандай ҳуқуқий баҳо бергани ҳам номаълум. Маълум бўлгани шуки, Абдураҳмон Сафаев Президентнинг 2025 йил 23 январдаги фармойиши билан ёзма аризасига асосан Наманган вилоят суди раисининг ўринбосари - фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимидан озод этилган.
Судялар Олий Кенгашининг хулосаси терговга қадар текширув ўтказиб, қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Кенгаш матбуот котиби Турсунали Акбаров айни масаладаги сўровни очиқ қолдирмоқда.
Kun.uz ушбу ҳолат Бош прокуратурада қандай ҳал этилганини сўраб Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновга сўров юборди.
Абдураҳмон Сафаев 2006-2011 йилларда фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг раиси лавозимида фаолият юритган.
Собиқ маҳкум уйини қайтара оладими?
Айни пайтда ушбу квартира кимнинг номида эканлиги таҳририятга маълум эмас. Рустам Қурбонов 17 йилдан сўнг Зуфар Каримовдан кейин ҳам бир неча “қўлга ўтган” уйини қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда. Бунга эриша оладими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади. Қурбонов суд қарорида бу қадар кўр-кўрона ёндошув бўлганлигини “улар [Зуфар Каримов ва судя] мени қамоқдан қайтмайди, ўша ерда ўлиб кетади деб ўйлашган” дея изоҳлайди.
Хусусий мулкнинг суд тартибида бу тарзда бегоналаштирилиши ҳар доим ҳам учрайвермайдиган ҳолатдир. Шу боис ҳар иккала воқеанинг ривожини диққат билан кузатишда давом этамиз.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Тавсия этамиз
Путин Россия Одессага даъво қилмаслиги шартини айтган – «Коммерсант»
Жаҳон | 22:26 / 19.03.2025
Қозоғистонда амалдорлар қамоқхоналарга экскурсияга олиб борилмоқда
Жаҳон | 18:16 / 19.03.2025
Трамп: «Украинага босим ўтказишга мажбур бўлгандик»
Жаҳон | 20:53 / 18.03.2025
Temu Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтди
Ўзбекистон | 20:25 / 18.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
“Президент сафардалигида отамни йўқотмоқчи бўлишган” — яқинлари Абдулла Орипов ҳақида
Жамият | 21:59
-
Трамп тарихдаги энг ҳалокатли самолёт яратилганини эълон қилди
Жаҳон | 21:41
-
“Пушкин” бекатидан ТТЗгача ерусти ва ерости метро линияси тушиши маълум қилинди
Ўзбекистон | 21:34
-
2024 йил мигрантлар учун энг ҳалокатли йилга айланди — Халқаро миграция ташкилоти
Жаҳон | 21:30
Мавзуга оид

15:34 / 18.03.2025
АҚШда профессор 380 млн йиллик тошқолдиқларнинг чиқиндига ташлаб юборилишига сабаб бўлган университетни судга берди

12:20 / 17.03.2025
Юзлаб инсонларни чув туширган автолизингчиларга ҳукм ўқилди

10:09 / 14.03.2025
Фуқаролар суд жараёнида масофадан туриб иштирок этиши мумкин

16:33 / 12.03.2025