Озарбойжон Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларининг Azerbaijan Airlines самолётига берган зарбаси юзасидан халқаро судга даъво тайёрламоқда, деб хабар берди Azeri-Press агентлиги.

Агентликнинг таъкидлашича, Қозоғистон Транспорт вазирлигининг AZAL самолёти ҳалокати бўйича дастлабки ҳисоботи эълон қилинганидан сўнг, «Россия томони воқеани нохолис изоҳлашда давом этмоқда».

Ҳисоботга кўра, соат 05:13:32 да самолётнинг бирламчи бошқарув тизимлари ишдан чиққан, соат 05:21:42 да мувофиқлаштирувчи бошқарувчи Грознийга «Ковёр» операцияси бошлангани ҳақида хабар берган.

«Бироқ, самолёт экипажи бу ҳақда олдиндан билиши мумкин эмас эди, бу эса Россия расмийлари томонидан маълумотни яширишга уринишдан далолат беради», дейилади хабарда.

Нашрнинг ёзишича, бу фактларга қарамай, россиялик расмийлар, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари воқеага алоқадорлигини инкор этишда давом этмоқда ва айбни экипаж зиммасига юклашга уринмоқда. Бу тактика 2014 йилда Донбасс осмонида уриб туширилган Малайзиянинг Boeing 777 самолёти билан боғлиқ вазиятни эслатади, бунинг учун «Москва ҳалигача жавобгарликни тан олмаган».

«Айни пайтда Грознийдаги Хонқала ҳарбий базасида тергов давом этмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, самолётга ушбу ҳарбий база ҳудудидан ўт очилган», дейилади хабарда.

Ўт очишга буйруқ берган ва ўқ узган шахслар, шунингдек, қурол тури ҳақидаги маълумотлар Озарбойжон расмийларида бор, деб ёзди Reuters 4 феврал куни.

«Барча бу фактлар, далиллар ва ишоралар мавжудлигига қарамай, Россиянинг терговни бошқа томонга йўналтиришга ва айбни экипажга юклашга уринишлари жуда афсусланарли. Айни пайтда терговда Қозоғистондан ташқари Озарбойжон, Россия ва самолётни ишлаб чиқарган мамлакат Бразилия мутахассислари ҳам иштирок этмоқда. Яъни, дастлабки ҳисоботда акс этган барча фактлар Россия томонига ҳам маълум», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Озарбойжон ўз шароитлари ва талабларини аниқ белгилаб берган, улар энг юқори даражада Россия томонига билдирган. Озарбойжонда самолётни уриб туширган Россиянинг «Панцир-С» ракетаси парчалари бор.