Озарбойжон самолёти ҳалокати ва унинг Россия ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими томонидан уриб туширилгани ҳақидаги тахминлар икки давлат ўртасидаги муносабатларни кескинлаштирди. Президент Илҳом Алиев Москвага нисбатан бир нечта кескин баёнот берди, Бокуда эса Россиянинг маданий маркази «Русский Дом»ни ёпишга қарор қилинди.

Бу воқеаларга жавобан, Россиядаги пропагандистлар Озарбойжон фуқароларини мамлакатдан ҳайдаб чиқаришга чақиришмоқда. Икки давлат ўртасидаги информацион қарама-қаршилик кучайиб бормоқда ва бу муносабатлар янада кескинлашишига сабаб бўлиши мумкин.

AZAL самолёти ҳалокати: воқеалар қандай ривожланди?

Ўтган ёз охирида украин ҳарбийлари Россиянинг Курск областига бостириб кирганида, Владимир Путин бу ҳақда изоҳ бермаган, аксинча, кутилмаганда Бокуга ташриф буюрганди. У ерда уни президент Илҳом Алиев кутиб олди. Оммага эълон қилинган суратларга кўра, улар президент дачасида оилавий муҳитда учрашган, бу эса уларнинг дўстона муносабатларидан далолат бергандек эди.

2024 йил ёзида Алиев Путинни рафиқаси билан биргаликда кутиб олганди

Бироқ декабр ойида Боку–Грозний йўналишида учган AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида мажбурий қўниш пайтида ҳалокатга учради. 38 киши ҳалок бўлди, фақат самолётнинг дум қисмида бўлган 29 киши омон қолди.

Мутахассислар самолёт Грозний ҳаво ҳудудига кирганда унинг сунъий йўлдош навигация тизимлари ишдан чиққанини тахмин қилмоқда. Бу Россиянинг радиоэлектрон кураш тизимлари ишлатилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Кейин эса, самолётга Россиянинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими томонидан ракета урилгани ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Бу Украина дронларига қарши ҳимоя вақтида содир бўлган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳодисадан сўнг Россия нашрлари ҳалокат ҳақида турли версияларни тарқатишни бошлади. Уларга кўра, ҳалокатга самолёт ичида кислород баллони портлагани ёки унинг қушлар галасига урилиши сабаб бўлган.

Бунга жавобан, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Россияни ҳодисада айблаб, расмий узр сўраш, айбдорларни тан олиш ва холис халқаро тергов ўтказишни талаб қилди.