Мюнхен конференцияси якунларига кўра, Володимир Зеленский Доналд Трамп маъмурияти томонидан илгари сурилган АҚШнинг ҳарбий ёрдам эвазига Украина табиий ресурсларидан фойдаланиш талабига барибир рози бўлмади.
Украина президенти журналистларга АҚШнинг таклифини рад этгани, чунки «ҳали тайёр эмаслиги»ни айтди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, келишув Украина учун хавфсизлик кафолатларини ўз ичига олмайди, бу эса Киевга Вашингтон билан ҳар қандай келишувда энг заруридир.
The Washington Post нашри бир неча манбаларга таяниб ёзишича, Украина расмийлари Вашингтонга табиий ресурслардан сезиларли даражада фойдаланиш имкониятини берадиган, шу билан бирга АҚШ томонидан хавфсизлик кафолатларини ҳам кучайтирадиган иккинчи таклифни ишлаб чиқмоқда.
Қўшма Штатлар Украинанинг барча фойдали қазилмалари захираларининг ярмини олиши тўғрисидаги келишув лойиҳаси 12 феврал куни, Киевда АҚШ молия вазири Скотт Бессент билан учрашишдан атиги тўрт соат олдин Володимир Зеленскийга топширилган. Ўшанда Трамп маъмурияти вакили Украина президенти шартномани дарҳол имзолашини талаб қилган — Зеленский мулойимлик билан рад этган, деб ёзади The Washington Post.
Ҳужжат муҳокамаси Мюнхенда Зеленскийнинг АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва давлат котиби Марко Рубио билан музокараларида давом этди. Якунда Украина делегацияси Трамп маъмуриятига битимнинг таклиф қилинган вариантини қонуний равишда имзолай олмаслиги, бироқ муқобил вариантлар ҳақида ўйлаб кўришда давом этаётганини билдирган.
Украинанинг юқори мартабали мулозими анонимлик шарти билан журналистларга Киев Трамп маъмуриятининг талаблари кўламидан ҳайратда қолганини айтди. У вазиятни XVIII асрда европаликлар томонидан Африка мустамлакаларининг бўлиниши билан таққослади. The Washington Post суҳбатдошининг сўзларига кўра, бу Украина ресурсларини ўзлаштириш ҳуқуқини ўнлаб йиллар давомида инвесторлар уларни чиндан ҳам ўзлаштиришига кафолатсиз берилишига олиб келиши мумкин.
Феврал ойи бошида Трамп Украинадан 500 миллиард долларга тенг қийматдаги нодир металларни олмоқчи эканини айтганди. Бу 17 та муайян кимёвий элементни ўз ичига олади. Бироқ, нашрнинг бошқа бир киевлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, аслида АҚШ камёб металлар ва литий, графит ва уран каби муҳим қазилма бойликларни ўз ичига олган кенгроқ ресурсларни назорат қилишни талаб қилмоқда. Украинанинг ички ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатдаги ноёб металларнинг умумий қиймати беш триллион долларга етиши мумкин. Трамп назорат қилмоқчи бўлган Украина ресурсларининг аниқ рўйхати номаълум.

















