Ўзбекистондаги энг машҳур қурилиш компанияларидан бири – “Трест-12”даги 51,1 фоиз давлат улуши 111 млрд сўмга хусусийлаштирилди. Харидор – Delta Global Dynamics. Бу МЧЖнинг 100 фоиз улуши собиқ ташқи ишлар вазирининг ўғли Дониёр Комиловга тегишли. Шу тариқа, у триллионлаб сўмлик лойиҳаларни тендерсиз қўлга киритиши ортидан кўп бор ОАВ эътиборига тушган қурилиш корхонасининг асосий эгасига айланди.

Дониёр Комилов ким?

Дониёр Комилов – Ўзбекистондаги кўзга кўринган сиёсатчилардан бири Абдулазиз Комиловнинг ўғли. Узоқ йиллар ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган Абдулазиз Комилов ҳозирда Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари ҳисобланади.

Яқин-яқингача кичик Комилов номи кўпчилик ўзбекистонликларга мутлақо нотаниш эди. 2021 йилда унга тегишли “Metropol Group” МЧЖ Тошкент марказидаги Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ биносини 210 млрд сўмга сотиб олди. Шу тариқа, у жамоатчилик эътиборига тушди.

2023 йилнинг феврал ойида Комилов эгалик қиладиган бошқа бир компания – “First Premium Alliance” МЧЖ Ўзбекистондаги энг йирик спирт заводи – “Қўқон биокимё” АЖни хусусийлаштириб олди.

2024 йилга келиб, Дониёр Комиловнинг Petroleum Technology Group компанияси илгари “Ўзбекнефтгаз”га тегишли бўлган Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи ва UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қўлган киритди. Номи Carvon дея ребрендинг қилинган Ўзбекистондаги энг йирик заправкалар тармоғи қандай қилиб давлатнинг эгалигидан чиқиб кетгани номаълум. Бу олди-сотди жараёнлари бўйича ҳалигача расмий маълумот берилмади.

Корхона ва ташкилотлар реестрига кўра, Дониёр Абдулазизович Комилов Ўзбекистонда камида 10 та компаниядан бевосита улушларга эга. Бундан ташқари, очиқ манбаларда унинг Россиядаги йирик активлари ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар бор. У 2010-2014 йилларда Газпромбанкнинг “Управляющая компания – Стратегические активы” ЁАЖ тузилмаси раҳбари, 2015-2016 йилларда эса “Уралмашзавод” директорлар кенгаши аъзоси бўлган.