Самарқанд вилояти Пахтачи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Сувонов ходимларини овоз йиғишга мажбурлаяпти. У топшириқни бажаришни истамаган шифокорни “насл-насабсиз” дея ҳақоратлаган. Ҳозир иккинчи ўринда бораётган лойиҳа ўрнини сақлаб қолса, туман тиббиёт бирлашмаси учун 200 дона моноблок ва 50 дона принтер сотиб олинади. Шифохонага бунча техника нега кераклиги тушунарсиз.
Самарқанд вилояти Пахтачи туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғишга мажбурланяпти. Бу ҳақда Kun.uz'га ташкилот ходимлари хабар берди.
Бирлашма бошлиғи Улуғбек Сувонов овоз тўплашга мажбурлашни инкор этган ходимини “насл-насабсиз” дея ҳақоратлаган ва уни итга ўхшатган.
“Овоз бериш умуман тўхтамаслиги керак. Режали чиқасизлар. Битта-иккита чиқяпти... Мана бу Нуримовми, фамилиясини ҳам аниқ билмайман, тилимга олишни ҳам хоҳламайман-да. Нуримовми, Нурмоновми, ким? Гемодиализнинг врачи, Жасур дегани. “Э, бу мажбурий меҳнат, буни қилиш керак эмас” деб айтармиш. Мана шунақанги, одам шаклидаги, оқ халатдаги хиёнаткор, садоқати йўқ, мафкураси йўқ, маънавияти йўқ, ҳеч нарсага арзимайдиган одамлар ишлаб юрибди. Нуримов Жасур деганига ўхшаганлар. У қаерда туғилган? Бу ерда туғилмаган. Унинг насл-насаби ҳам қаердан келиб чиққан, билмайман. Унақанги насл-насаб, унақанги онг қаердан пайдо бўлади. Унда насл ҳам, насаб ҳам бўлмаса керак. Қанақа оиладан, қандай ота-онадан дунёга келган, тўғрими? Билмайман. Ходимларига бу мажбурий меҳнат, овоз беришга мажбур эмасмиз-ку, дермиш. Сенинг ўзинг кимсан-у, овозинг нима. Сенсиз ҳам қиламиз. Ит, ҳуриб қолавер. Бизнинг карвон юради. Қанақа ота-она дунёга келтирган уни, алкоголик”, – деган тиббиёт бирлашмаси раҳбари.
Сувонов жараённи шахсан ўзи тўлиқ назорат қилишини таъкидлаб, унга овоз йиғишда қатнашмайдиган “йиринглар” керак эмаслигини айтган.
“Қани қилмай кўринг-чи? Қилолмайдиганингиз айтинг. Чиқариб ташлайман. Менга унақанги йиринглар керак эмас. Шуларсиз қиламан. Бунақанги йиринг билан жамоамни булғаб нима қиламан. Лекин айтинг. Мен насл-насабсизман, ўзим биттаман, ҳеч кимга сўзим ўтмайди, қариндошим ҳам, оилам ҳам йўқ, денг. Чиқариб ташлайман.
Топшириқ шундай: ҳаммангиз ҳисоботингизни қиласиз, ҳаққоний қилиб ташлаб берасиз. Овоз йиғишни давом эттирасиз. Эртадан бошлаб ўзим мониторинг қиламан. Қўймайман. Мен сизларни огоҳлантирдим, битталаб кўриб ўтираман. Ишим шу бўлади менинг”, – деган Сувонов.

















