Бразилиянинг Фос-ду-Игуасу шаҳрида катталар ўртасида янги тузилган World Boxing ташкилоти ҳомийлигидаги Жаҳон кубогининг биринчи босқичи якунланди.

Тўлқин Қиличев бошчилигидаги эркаклар жамоасининг 10 нафар вакилидан фақат икки аъзоси медалсиз қолди: Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-65 кг) турнирдаги иштирокини чоракфиналдан бошлаганди, аммо илк жангдаёқ мезбонлар вакили Юри Рейсга ютқазди. Иқболжон Холдоров (-70 кг) саралаш босқичидан муваффақиятли ўтганди, аммо чоракфиналда англиялик Одел Камарага ютқазиб қўйди.

Мўйдинхўжаев ва Холдоров жаҳон кубогини чоракфиналдаёқ тарк этди

Мадияр Данияров (-60 кг) чоракфиналда италиялик рақибдан устун келганди, яримфиналда бразилиялик Луиз Оливейрага ютқазди ва бронза билан кифояланишга мажбур бўлди.

5 апрел куни мусобақанинг финал баҳслари ўтказилди, унда Ўзбекистондан 7 нафар вакил финалга чиқиб, улардан 5 нафари олтин медалга эга бўлишди, 2 нафар боксчи кумуш билан кифояланди.

Асилбек Жалилов (-50 кг) финал йўлида дастлаб қозоғистонлик Нурзат Онгаровни ва ҳиндистонлик Жадумани Манденгбамни мағлуб этди, олтин учун жангда эса Франция вакили Ники Куммингсга ҳам ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Асилбек Жалилов

Фазлиддин Эркинбоев (-75 кг) иштирокини яримфиналдан бошлади ва Михал Ярлински (Полша) устидан ғалабага эришиб, финалга йўл олди. Олтин учун баҳсда эса Кауе Белинини қийинчиликсиз мағлуб этди. Фазлиддин жанг давомида уни нокдаун ҳолатига ҳам туширди.

Фазлиддин Эркинбоев

Жавоҳир Умматалиев (-80 кг) чоракфиналда АҚШ вакили Робби Гонсалесни 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олганди, яримфиналда қозоғистонлик Диас Молжигитовга қарши баҳс олиб бориб, қийинчиликларсиз ғалабани қўлга киритди (5:0). Финалда бразилиялик Вандерлай Перрейрани 4:1 ҳисобида енгиб, жамоа ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.