9 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳудудларининг туризм салоҳиятини оширишга доир видеоселектор ўтказди. Йиғилишда Ўзбекистондаги сайёҳлик бизнеси билан боғлиқ айрим рақамлар келтириб ўтилди, шунингдек, масъулларга бир қанча топшириқлар берилди.
Маълум бўлишича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм экспорти 3,5 миллиард долларга етган, ўтган йили хорижий сайёҳлар оқими 10 миллион кишидан ошган. Ҳозирда туризмнинг Ўзбекистон иқтисодиётдаги улушини 2040 йилгача 7 фоизга, экспортни эса 10 миллиард долларга етказиш бўйича стратегия ишлаб чиқилмоқда.
Бу стратегия ва туризмни ривожлантириш дастурлари доирасида, жумладан қуйидагича вазифалар қўйилди:
- «туризм ҳалқаси»га кирган йўлларни таъмирлаш ишларни бошлаш;
- капсулали уйлар қуриш ва жиҳозлашни кўпайтириш;
- тоғли ҳудудларга пиёда чиқиш (трекинг) учун турфирмаларга сайёҳлик маршрути рухсатномасини my.gov.uz портали орқали 10 кунда беришни жорий қилиш;
- Кўрфаз давлатлари учун жорий қилинган 10 кунлик визасиз режимни 30 кунга узайтириш, Ҳиндистон, Покистон, Миср ва эронлик сайёҳларга виза беришни енгиллаштириш;
- Миллий туризм ягона платформасини ишга туширишни тезлаштириш: унда чипта олиш ва электрон виза бериш имкониятларини яратиш;
- ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбасини «оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш» куни деб эълон қилиш, ички туризм тарғиботини кенгайтиришга йилига 20 миллиард сўм ажратиш;
- республиканинг барча тарихий обидаларига кириш имконини берадиган «ягона туристик карта» жорий қилиш ва бошқалар.
Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга экстремал туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда 2025 йилда хориждан 15 миллион сайёҳни жалб қилишни топширди.
















