Украина ҳукумати F-16 қирувчи самолёти учувчиси, 26 ёшли капитан Павел Иванов жанговар топшириқни бажариш чоғида ҳалок бўлганини маълум қилди. Президент Володимир Зеленский унга вафотидан кейин Украина Қаҳрамони унвонини берди.

BBC Украина хизмати манбаларига кўра, Ивановнинг самолёти катта эҳтимол билан Россия ракетаси томонидан уриб туширилган.

«Россияликлар самолётга жами учта ракета учирди. Бу ёки C-400 ерусти си таркибидаги бошқариладиган зенит ракетаси, ёки Р-37 „ҳаво-ҳаво“ синфидаги ракета эди», – деган манба. Унинг фикрича, «дўстона ўт очиш» ҳақида гап кетмаяпти – Иванов вазифаларни бажарган ҳудудда Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишламаган.

Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Иванов 12 апрел, шанба куни ҳалок бўлган. Ҳодиса жойи ва тафсилотлари расман маълум қилинмаган.

«У ватанини босқинчилардан ҳимоя қилиш учун жангда ҳалок бўлди... Бугунги кунда F-16 учувчилари деярли ҳар куни фавқулодда мураккаб шароитларда турли йўналишларда жанговар вазифаларни бажармоқда, авиация зарбдор гуруҳларининг ҳимоясини таъминламоқда ва душман объектларига зарба бермоқда», – дейилади Украина қуролли кучлари хабарида.

«Украиналик учувчилар инсоний ва техник имкониятларнинг максимал даражасида ишлайди, ҳар сафар жанговар вазифаларни бажаришда ўз ҳаётини хавф остига қўяди. Павел улардан бири эди!» – дейилади Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари баёнотида.

Президент Володимир Зеленский учувчининг оиласига ҳамдардлик билдирди ва ҳарбийларнинг ушбу жанговар вазият ҳақидаги ҳисоботларини аллақачон эшитганини таъкидлади. Воқеа тафсилотларига ҳали ойдинлик киритилмаган.

26 ёшли Павел Иванов Украинанинг F-16 да учишни ўзлаштирган илк учувчиларидан бири бўлган. Унинг суратларини фотограф Константин Либеров эълон қилди. Унинг ёзишича, F-16 қирувчи самолётида парвоз қилишидан хабар топганида, Иванов «бахтдан йиғлаб юборганди».

Россия мудофаа вазирлиги якшанба куни Украинанинг F-16 самолёти йўқ қилингани ҳақида хабар берган, лекин самолёт қачон уриб туширилганига аниқлик киритмаган.

«Ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан Украина ҳаво кучларининг F-16 самолёти, саккизта JDAM авиабомбаси ва АҚШда ишлаб чиқарилган HIMARS баравар ўт очиш тизимининг еттита реактив снаряди, шунингдек, самолёт типидаги 207 та учувчисиз учиш аппарати уриб туширилди», - дейилади Россия мудофаа вазирлиги хабарида.