Италия бош вазири Жоржия Мелони шу ҳафта, 25-26 апрел кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади, 26-27 апрел кунлари эса у Қозоғистонга боради. Остона шаҳрида Марказий Осиё–Италия саммити ҳам ўтказилиши кутилмоқда. Мелони 27 апрел куни Марказий Осиё лидерлари билан Остонада кўришиб, мулоқот қилади. Италия ҳукуматининг хабар беришича, Жоржия Мелони 25 апрел куни Рим шаҳрида Озодликнинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда қатнашганидан сўнг Ўзбекистонга учиб кетади.

Ҳукумат эълон қилган графикка кўра, бош вазир 25-26 апрел кунлари Ўзбекистонда бўлади.

Қозоғистон президенти офисининг маълум қилишича, Жоржия Мелони президент Тўқаев таклифига биноан расмий ташриф билан бу давлатга келади. Олий даражадаги музокаралар чоғида стратегик шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади, деб ёзади Оқ ўрда.

Шуни таъкидлаш жоизки, ташрифнинг асосий тадбири – Марказий Осиё–Италия саммити шу ойнинг бошида Самарқандда ўтган Европа Иттифоқи–Марказий Осиё саммитидан 23 кун ўтиб, ўтказилмоқда. Ўтган йили май ойида ташқи ишлар вазирлари даражасида Италия–Марказий Осиё саммити Римда ўтказилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг июн ойида Италияга сафари доирасида президент Сержио Маттарелла, бош вазир Жоржия Мелони билан учрашиб, музокара ўтказганди. Ўша ташриф доирасида Ўзбекистон ва Италия расман стратегик шерикларга айланган. Бу тўғрисидаги декларацияни Мирзиёев ва Мелони имзолаганди.

Ўзбекистон президенти Италия расмий Тошкентнинг Европадаги муҳим ва ишончли шериги экани, сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, маданий-гуманитар соҳаларида ҳамкорлик фаоллашиб боришини гапирганди.

Бош вазир Жоржия Мелони эса Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда шериклик, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ролини ижобий баҳолаган. У Мирзиёевнинг сафари чоғида “Италия—Марказий Осиё” ҳамкорлик форматини янада ривожлантиришга чақирган.

2023 йилнинг ноябр ойида эса Италия президенти жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Тошкент билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Европа ва Узоқ Шарқ, Россия ва Хитой ўртасидаги мавқейи сабаб Рим учун алоҳида аҳамиятлидир, дея ёзганди Италиянинг Агензиа Нова агентлиги Сержио Маттарелланинг сафари ҳақидаги мақоласида. Рим Ўзбекистонга Ғарб билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун ёрдам беради, дея қўшимча қилинганди ушбу хабарда.