Шанба куни Эрон жанубидаги Бандар-Аббос шаҳри ҳудудидаги Шаҳид-Ражоий портида кучли портлаш рўй берди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 28 киши ҳалок бўлган, 1139 киши турли даражада тан жароҳати олган.
IRNA хабарига кўра, яна олти киши бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда, яраланганларнинг кўпчилиги оғир аҳволда.

Портлаш сабаблари тўғрисида ҳозирча расмий маълумот берилмади, аммо бу Ўмонда АҚШ ва Эрон ўртасида ядро дастури бўйича музокараларнинг учинчи раунди бошланиши ортидан рўй берди.
«Ҳодисага Шаҳид-Ражоий порти бандаргоҳи ҳудудида сақланаётган бир нечта контейнерлар портлаши сабаб бўлган. Ҳозирда эвакуация ишларини олиб боряпмиз ва ярадорларни тиббиёт марказларига олиб кетяпмиз», – деди фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ҳудуддаги вакили давлат телевидениесига.
Ёнғин ўчирилгунига қадар порт фаолияти тўхтатилган ва портда ишчилар сони кўп бўлгани ҳисобга олинса, «катта эҳтимол билан, кўплаб ишчилар ҳодиса оқибатида яраланган ва ҳалок бўлган, дейилади агентлик хабарида.
Маҳаллий нашрларга кўра, портлаш оқибатида бир неча километр радиусдаги биноларнинг деразалари синиб кетган, интернетда тарқалган кадрларда портлашдан кейин осмонда қўзиқорин шаклидаги булут ҳосил бўлганини кўриш мумкин.
Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳўрмузгон вилоятида фавқулодда ҳолат режими эълон қилиб, аҳолидан уйларда қолиш ва деразаларни тамбалаб, ниқоб тақиб юриш сўралган.
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён портлаш бўйича текширув боришини назорат қилиш учун мамлакат ички ишлар вазири ушбу ҳудудга юборилганини маълум қилган. У портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар учун «чуқур ҳамдардлик» изҳор этган.

Razieh Pudat / ISNA / AP / Scanpix / LETA
Ёнғинни ўчириш ишларида самолётлардан фойдаланилмоқда. Бугун бутун шаҳар, жумладан, ўқув муассасалари, расмий идоралар бинолари ҳамда корхоналар ёпилиши кутилмоқда.









