Ҳиндистоннинг IndiGo хусусий лоукостери Тошкент – Деҳли ва Деҳли – Тошкент йўналиши бўйича парвозлар тўхтатилганини эълон қилди.

Шунингдек, Ҳиндистон авиакомпаниялари учун Покистон ҳаво ҳудудининг ёпилиши туфайли 800 дан ортиқ маҳаллий рейслар ҳам бошқа саналарга қолдирилди.

Компания ҳозир 50 дан ортиқ халқаро йўналишларнинг парвоз вақти узайиб кетганини маълум қилди.

«Жорий қилинган чекловлар афсуски, IndiGo авиапарки учун Олмаота ва Тошкент йўналишидаги парвозларни имконсиз қилади», дейилади хабарда.

Қайд қилинишича, Тошкентга ва Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига парвозлар камида 7 май кунигача тўхтатилган.

Кашмирда юз берган теракт туфайли Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар кескинлашди. Оқибатда ҳар икки томон бир-бирига нисбатан турли чекловларни жорий қилмоқда.