Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда гўшт нархининг ошиб кетгани юзасидан расмий муносабат билдирди. Вазирликка кўра, қуйидаги омиллар нархларга қимматлашишига сабаб бўлган.

Биринчидан, дунёда гўшт ишлаб чиқариш ҳажми секинлашяпти.

Иккинчидан, йирик импорт қилувчи давлатларда талаб юқори. Бундан ташқари, озуқа хомашёси ва транспорт харажатларининг ортиши ҳам нархларга таъсир кўрсатган.

«Масалан, Россияда товуқ гўшти нархи йил бошидан буён 9,7 фоизга, Қозоғистонда эса 4,7 фоизга ошган. Умуман олганда, Ўзбекистонда гўшт нархи минтақавий тенденциялар доирасида сақланмоқда ва глобал бозор тебранишларига нисбатан барқарорликни намоён қилмоқда», дейилади баёнотда.

Вазирлик бозорларнинг арзонлаштирилган расталарида 1 кг мол ва қўй гўшти ўртача 65–75 минг сўмдан, савдо расталарида 90–95 минг сўмдан, савдо марказларида 95–100 минг сўмдан сотилаётганини қайд этган.

Тошкент шаҳридаги арзонлаштирилган расталарда 65−75 минг сўмлик гўштни харидорларнинг 15−18 фоизи, 90−95 минг сўмлик «рўзғорбоп гўшт»ни 82−85 фоизи, 110−130 минг сўмлик суяксиз (лаҳм) гўштни эса атиги 1−2 фоизи сотиб олади.

«Тошкент шаҳридаги арзонлаштирилган расталарда 65–75 минг сўмлик гўштни харидорларнинг 15–18 фоизини, 90–95 минг сўмлик рўзғорбоп гўшт эса 82–85 фоизини, 110–130 минг сўмлик суяксиз (лаҳм) гўшт атиги 1–2 фоизини ташкил этади», дейилади баёнотда.

Шунингдек, вазирлик Ўзбекистондаги нархларни айрим давлатлар билан ҳам таққослаган.

«Россияда 1 кг мол гўшти 10-12, Беларусда 6-8, Қозоғистонда 7-11, Тожикистонда 8-10, Грузияда 9,5-12, Озарбойжонда 9,5-12,5, Туркияда 12-14 доллар, шунингдек, иқтисодиёти ривожланган давлатлар Швецияда 46,2, Исландияда 38,86, Жанубий Кореяда эса 28 доллар атрофида сотиляпти. Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон дунёнинг гўшт энг арзон сотиладиган давлатлари қаторида бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қирғизистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди», дея қайд этилади расмий муносабатда.

Шунингдек, 2025 йилнинг I чорагида гўшт нархига таъсир қилувчи ем—озуқа, электр энергияси ва ёқилғи–мойлаш материалларининг ҳам қимматлашгани келтириб ўтилган.

«Чорвачиликда гўшт етиштириш учун кучли озуқага бўлган талаб юқорилиги, озуқа етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги туфайли чорва молларининг озуқа билан таъминланиш даражасининг 35-40 фоизини ташкил этмоқда. 2024 йил октябрь ойидаги нархлар билан солиштирилганда, бугунги кунда шрот нархи 3 минг сўмдан 7 минг сўмга, шелуха 2 800 сўмдан 4 минг сўмга, омухта ем 2 900 сўмдан 3 700 сўмга, буғдой 2 200 минг сўмдан 3 500 минг сўмга, маккажўхори силоси 500 сўмдан 900-1 000 сўмга, сомон 15 минг сўмдан 25 минг сўмга, беда эса 25 минг сўмдан 45 минг сўмга ошган. Озуқа харажатлари, меҳнатга ҳақ тўлаш ва электр энергияси харажатларининг ошиши ҳам гўшт таннархига бевосита таъсир кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаш зарур», дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги изоҳида.