Украина Миллий гвардияси Суми областидаги машғулот лагерига россияликлар томонидан берилган зарба оқибатида олти ҳарбий ҳалок бўлгани, 10 дан ортиқ аскар яраланганини маълум қилди. Бир кун аввал Россия мудофаа вазирлиги навбатдаги ракета ҳужуми билан ўнлаб украин ҳарбийлари ўлдирилганини хабар қилганди.

Миллий гвардия зарба 20 май куни «ҳарбий қисмнинг ўқ отиш майдонида машғулотлар ўтказилаётган вақтда» берилганини тасдиқлади.

Россия Мудофаа вазирлиги бир кун олдин Суми областидаги Шостка аҳоли пункти яқинида «Украина қуролли кучлари махсус кучларининг 1-бригадаси тайёргарлик лагери аниқлангани», шундан сўнг «Искандер» ракета мажмуаси орқали зарба берилганини маълум қилганди.

Россия ҳарбийлари маълумотида зарба оқибатида ўнлаб ҳарбийлар ҳалок бўлгани келтирилганди.

«Фожиа юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Ҳарбий қисм командири лавозимидан четлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга зарур маълумотлар тақдим этилди. Тергов доирасида тегишли қарор қабул қилган барча шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», – дейилади Украина Миллий гвардияси баёнотида.

Кремл хабарларига кўра, 20 май куни Курск областига ташриф буюрган Россия президенти Владимир Путин зарбага изоҳ берган.

«Интерфакс»нинг ёзишича, Путин билан учрашувда дрон оператори иштирок этган, у Суми областининг Шостка аҳоли пункти ҳудудида амалга оширилган разведка чоғида Украина қуролли кучларининг шахсий таркиби аниқлангани, шундан кейин бу жойга «Искандер» томонидан зарба берилганини маълум қилган.

«Чегара томон ҳаракатланишга уринишмоқда. Майли, бу алоҳида мавзу», – деган Путин.

Миллий гвардияга кўра, Украина ҳарбий қўмондонлиги олдинроқ ҳарбийлар гуруҳларига зарба берилиши оқибатида қурбонлар бўлишининг олдини олишга қаратилган қоидалар жорий этганди.

«Яна қанча одам ҳалок бўлиши керак?»

Суми областидаги фожиа украинлар орасида кескин реакция келтириб чиқарди, дея ёзади BBC Украина хизмати.

Украина Олий радаси депутати Олексий Гончаренко россиялик ҳарбийлар гўёки Украина қуролли кучлари лагерида кузатув олиб борганини айтган. Депутатнинг сўзларига кўра, ҳудуд устида узоқ вақт давомида дрон ҳаракатланган, айнан ушбу қурилма нишонни белгилаб, зарбани йўналтиргани тахмин қилинмоқда.