Илон Маскнинг SpaceX аэрокосмик компанияси март ойидаги синов вақтида портлаб кетган Starship ракетасига оид тергов натижаларини эълон қилди.
Маълумотлар таҳлили 6 март кунги авария Raptor двигателларидан биридаги ускунанинг ишдан чиқиши ҳисобига содир бўлганини кўрсатган. Бу ҳаво кемасининг пастки қисмида ёнилғининг бошқариб бўлмайдиган ёнишини юзага келтирган ва оқибатда учта қўшни двигателнинг ўчиши содир бўлган. Алоқа узилганидан икки дақиқа ўтиб, тизим автоматик равишда бошқарилмайдиган поғонани йўқ қилган.
Ушбу ҳодисага қарамай, миссия қисман муваффақиятли кечди, деб ҳисобланган: Super Heavy’нинг биринчи поғонаси Техасдаги старт майдончасига илк бор бошқарилувчан қайтишни амалга оширган. Қўниш вақтида 13 та двигателдан фақат 12 таси ишлаган — юзага келган муаммо аланга олдирувчи қурилмаларнинг қизиб кетиши билан боғлиқ.
SpaceX 27 май куни тўққизинчи синов парвозини амалга оширишини эълон қилди.
Аввалроқ Техас аҳолиси SpaceX шаҳрини ташкил этишни ёқлаб овоз берганди. Компаниянинг Техасда жойлашган Starbase базаси шу номдаги алоҳида шаҳарга айлантирилади. Маҳаллий аҳоли ўртасида ўтказилган овоз бериш жараёнларида ушбу ташаббус қўллаб-қувватланган.















