Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Мудофаа вазирлигининг 2025 йил 23 майдаги тегишли қўшма қарори билан «Умумий ўрта таълим муассасаларидаги «Жасорат мактаблари»га ўқувчиларни қабул қилиш ва ўқув-тарбиявий жараённи ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Унга кўра, «Жасорат синфлари»да:

➖ ўқиш муддати етти йилдан (5 — 11-синфлар) иборат бўлади;
➖ ҳар йили 4-синфни битирган 26 нафар ўқувчи 5-синф учун танлов асосида қабул қилинади.

«Жасорат мактаблари»га кириш имтиҳонлари қуйидаги тартибда ўтади:

➖ ўқишга кириш учун номзод ўқувчиларнинг ҳужжатлари ariza.piima.uz платформасида онлайн шаклда қабул қилинади;
➖ ўқишга кириш учун кириш имтиҳонлари икки (тест ҳамда жисмоний) босқичда амалга оширилади;
➖ тест синовлари ўтказиладиган фанлар бўйича топшириқлар спецификацияси ва баҳолаш мезонлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ҳар йили имтиҳон бошланишидан бир ой олдин эълон қилинади;
➖ тест синовлари она тили ва математика фанларидан ташкил этилади;
➖ кириш имтиҳонларининг якуний натижалари ҳар йили август ойида вазирлик ва Жасорат мактабларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

«Жасорат синфлари»да таълим жараёнлари қуйидагича олиб борилади:

➖ таълим жараёнлари 5-11- синфларда кундузги таълим шаклида, умумий ўрта таълим муассасалари учун белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилади;
➖ математика, ЧҚБТ, тарих, жисмоний тарбия, чет тили, физика фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади;
➖ ўқув йили давомида икки марта ҳарбий полигонларда, ҳар чоракда бир марта ҳарбий қисмларда амалий машғулотлар олиб борилади;
➖ 9-синфни якунлаган ўқувчиларга таянч ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома, 11-синфни тамомлаган ўқувчиларга умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома берилади.

«Жасорат мактаблари»ни битирган ўқувчиларга имтиёзлар:

➖ аъло баҳолар билан тамомлаган ҳамда «Ватан таянчи» отрядининг аъзоси бўлган бир нафар ўқувчига Мудофаа вазирлиги томонидан олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган ҳамда юридик таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади.