Шота Руставели кўчаси тўлиқ реконструкция қилиниб, йўл ўртасида тезюрар автобус йўлаги ётқизилади. 80-100 метрлик автобус бекатлари ҳар 400-500 метрда жойлашади. Чапга бурилишлар ёпилади. Йўлнинг ўнг томондаги биринчи бўлагида ҳаракат тезлиги 40 км/соатга туширилади. Kun.uz суҳбатлашган шаҳарсозлар қолган бўлакларда 60 тезликнинг сақланиб қолишини хавфли деб ҳисобламоқда.

Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида йўл ўртасидан ўтувчи тезюрар автобус йўлаклари ётқизилади. Бу шаҳарсозлик тилида “Bus rapid transit”, яъни BRT деб номланади. Хўш, янги тизим қандай кўринишда бўлади? У орқали автобусларга қанчалик устуворлик яратилади? Бу борада шаҳарсозларнинг фикри қандай? Kun.uz бу материалда шу каби саволларга жавоб излади.

BRT ўзи нима ва у нега керак?

BRT бу – автобуслар учун ўтказувчанлик салоҳияти анча юқори транспорт йўлагидир. Бундай тизим жорий этилган кўчаларда автобуслар тирбандликда турмайди, уларнинг ҳаракатига бошқа транспорт воситаларининг халақит бериши минимум даражада бўлади. Натижада автобусларнинг ҳаракати тезлашади, аниқ графиклар асосида ҳаракатлана олади, бу эса жамоат транспортининг жозибадорлигини оширади. Одамлар шахсий машинада эмас, кўпроқ жамоат транспортида ҳаракатланса, бу – шаҳарнинг экологияси, хавфсизлиги, қулайлиги ва эстетик манзарасига ижобий таъсир қилади.

BRT'нинг муҳим жиҳати – унинг бевосита ер сатҳида жойлашганида. Одамлар транспортга миниш учун ер остига тушишга ёки юқоридаги бекатга кўтарилишга мажбур эмас.

Тошкентда BRT қандай қилинади?

20 май куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шаҳардаги илк BRT линияси ҳақида маълумот берилди. Линия Янги Сергели, Шота Руставели, Шаҳрисабз ва Амир Темур кўчаларидан ўтади. Шу кунларда бошланадиган биринчи босқич доирасида Шота Руставели кўчаси бошидан охиригача тўлиқ қайта реконструкция қилиниб, пилот лойиҳага айланади. Янгиланган кўчани Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Лойиҳага кўра, қатнов қисмининг ўртасига қарама-қарши йўналишдаги иккита автобус йўлаги жойлаштирилади. Бекатлар ҳам, табиийки, йўл ўртасида бўлади. Ҳозирги кичиккина бекатлардан фарқли равишда, 80-100 метр узунликка эга бўладиган бу платформалар бир вақтнинг ўзида бир нечта автобус тўхташига имкон беради. Бекатлар орасидаги масофа 400-500 метр бўлиши кутилмоқда.