Ҳиндистон ғарбидаги Гужарот штатида Аҳмадобод шаҳри аэропортидан Лондонга учган йўловчи самолёт ҳалокатга учради. Ҳодиса аэропортдан узоқ бўлмаган жойда рўй берган. Flightradar сервиси маълумотларига кўра, Air India авиакомпаниясининг Boeing 787-8 Dreamliner самолётидан сўнгги сигнал маҳаллий вақт билан соат 10:08 да – парвоздан икки дақиқа ўтиб қабул қилинган.

Парвозларни кузатиш билан шуғулланувчи Flight Radar сервиси аниқлик киритишича, Boeing 787-8 Dreamliner амалга оширган рейс маҳаллий вақт билан соат 09:50 да учиши керак бўлган, аммо парвоз бироз кечиккан. 

Самолёт соат 10:06 да ҳавога кўтарилган, икки дақиқа ўтмай лайнердан сигнал келиши тўхтаган.

Ҳалокат ҳақидаги хабардан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда авиалайнер парвозга чиққан ва қулашдан олдинги лаҳзалар акс этган видео пайдо бўлди. Бошқа роликларда эса самолёт қулаб тушган жойда кўтарилган қуюқ қора тутунни кўриш мумкин.

Air India авиакомпанияси расмий баёнотида Аҳмадободдан Лондондаги Гэтвик аэропортига учган AI171 рейси билан боғлиқ «ҳодиса» рўй бергани ва қўшимча маълумотлар кейинроқ берилиши ваъда қилинган. Ўз навбатида, Лондондаги аэропорт ҳам мазкур рейс шу ерга соат 18:25 да қўниши керак бўлганини билдирган.

Ҳиндистон фуқаро авиацияси бош бошқармаси самолёт бортида 242 киши бўлгани – шундан 230 нафари йўловчилар, икки нафари учувчи ва яна 10 нафари борт кузатувчилар эканини маълум қилган.

Дастлаб маҳаллий News18 телеканали камида 133 киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазирлиги «жуда кўп одам» ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди, аммо қурбонлар сонига аниқлик киритмади.

Кўп ўтмай Ҳиндистон полицияси вакили AP агентлигига катта эҳтимол билан авиаҳалокат оқибатида йўловчилар ва экипаж аъзолари орасида омон қолганлар йўқлигини маълум қилди.

Самолёт аҳоли яшаш уйлари жойлашган кварталга тушгани туфайли, қуруқликдагилар орасида ҳам қурбонлар бор. Reuters шифохоналарга 100 кишининг жасади олиб борилганини аниқлаган. Қурбонлар орасида лайнер қулаган ётоқхонада бўлган тиббиёт олийгоҳи талабалари ҳам бор.

Reuters маълумотига кўра, самолёт бортида Ҳиндистоннинг 169 нафар, Буюк Британиянинг 53 нафар, Португалиянинг 7 нафар, Канаданинг 1 нафар фуқароси бўлган. Йўловчиларнинг 217 нафари катта ёшлилар, 11 нафари болалар эди. Ўзбекистон ТИВ бортда ўзбекистонликлар бўлмаганини маълум қилди.