Канада бош вазири Марк Карни Украинага қўшимча 2 миллиард Канада доллари (1,47 миллиард АҚШ доллари) ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда Канада ҳукумати раҳбари 17 июн, сешанба куни G7 саммитига келган Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув чоғида маълум қилди.

Карнининг сўзларига кўра, янги ёрдам пакети дронлар, ўқ-дорилар ва зирҳли машиналар учун пулни ўз ичига олади. Шунингдек, у Киевга инфратузилмани тиклаш учун янги 2,3 миллиард доллар кредит берилишини ваъда қилди.

Бундан ташқари, Марк Карни Москвага қарши санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берувчи 77 жисмоний ва 39 юридик шахсга, шунингдек, Россия «соядаги флоти»нинг 200 та кемасига нисбатан чеклов чоралари жорий этилганини маълум қилди, деб хабар беради AFP. У «музокаралар столига ўтиришдан бош тортган Россияга максимал босим ўтказиш муҳимлигини» қайд этди.