Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил Ғазода тиббий марказ яқинига авиазарба берди

Исроилнинг Ғазо секторидаги тиббий марказ яқинига уюштирган авиазарбаси натижасида 16 киши, жумладан 10 нафар болалар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ғазо соғлиқни сақлаш расмийларига таяниб, Reuters нашри хабар бермоқда.

Ғазо секторининг марказий қисмидаги Дейр ал-Балаҳ шаҳрида рўй берган ҳужумдан олинган тасдиқланган видеоларда аёллар ва болаларнинг қон ичида ётгани, чанг-тўзон ва қичқириқлар фонида кўринади.

«У ҳеч нарса қилмаган, бегуноҳ эди, қасам ичаман. Орзуси уруш тугаши ва бугун шу эълон қилиниб, мактабга қайтиш эди», — деди портлашда ҳалок бўлган қизининг ёнида ўтирган аёл.

Исроил армияси баёнотида айтилишича, зарба ҲАМАС аъзосига қаратилган бўлган. Энди эса ҳодиса юзасидан текширув олиб борилмоқда, чунки тасодифий жабрланганлар ҳақида хабарлар мавжуд.

АҚШда жойлашган Project Hope инсонпарварлик ташкилоти ҳужум уларнинг «Альтаяра» номли клиникаси ёнида содир бўлганини билдирди. «Даҳшат ва юракни эзувчи аламни сўз билан ифодалаб бўлмайди», — дейилади ташкилот баёнотида.

Ушбу ҳужум Исроил ва ХАМАС вакилларининг Қатарда ўтказилаётган 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилишга оид келишув бўйича музокаралари чоғида юз берди. Музокаралар доимий сулҳга эришиш умидида олиб борилмоқда.

Исроилнинг юқори мартабали расмийси чоршанба куни берган баёнотида битимга эришиш эҳтимоли бир ёки икки ҳафта ичида бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ эса сулҳга жуда яқин қолганини таъкидламоқда.

Жорий йил март ойида аввалги сулҳдан кейин Исроил армияси ҳарбий кампанияни қайта бошлади, натижада ҳар куни ўнлаб фаластинликлар ҳалок бўлмоқда. Минглаб яраланганлар эса Ғазонинг оз сонли, бусиз ҳам ёнилғи танқис бўлган шифохоналарига катта босим ўтказмоқда.

Исроил армияси вакили чоршанба ва пайшанба кунлари шифохоналар ва бошқа гуманитар муассасалар учун мўлжалланган ёнилғи Ғазога киритилганини билдирди. Бироқ БМТ вакили Стефан Дюжарик бу ҳажмда ёнилғи етарли эмаслигини, ҳаётий муҳим хизматлар учун анча кўпроқ ёқилғи кераклигини таъкидлади.

Трамп Канадага ҳам 35 фоизлик бож ставкаларини жорий қилди