Рақамли технологиялар вазирлиги Тошкент шаҳридаги INHA университети учун 2026 йил 1 июнга кадар «кам бюджетли суперкомпютерлар» ва йирик сервер сотиб олади. Бу ҳақда 2025-2026 йилларда Сунъий интеллект технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга доир ҳукумат қарорида сўз боради.
Ҳукумат қарорига кўра, INHA университетига қуйидаги қурилмалар харид қилинади:
- Сунъий интеллект технологияларини амалга ошириш бўйича параллел ҳисоблаш, машинавий ўқитиш ва бошқа лойиҳалар учун зарур бўлган график ишлов бериш блокларини (GPU) ўз ичига олган юқори самарали ҳисоблаш кластери;
- катта маълумотлар базаси сервер қурилмалари.
Ҳукумат қарорида ёзилган ушбу қурилма HPC кластердир.
High Performance Computing Cluster – (юқори самарали ҳисоблаш кластери) бу суперкомпютер эмас, лекин у суперкомпютерга ўхшаш вазифаларни бажариши мумкин бўлган тармоқланган компютерлар тизимидир. У серверларни боғлаб, уларни биргаликда катта ҳисоблаш масалаларини ҳал қилиш учун ишлатади. Амалиётда бундай кластерлар кўпинча «кам бюджетли суперкомпютерлар» деб ҳам аталади.
Қарорга кўра, ушбу сервер қурилмаларини харид қилиш Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Рақамли технологиялар вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Kun.uz манбаларига кўра, Тошкентга олиб келинадиган қурилма «шу йил охиригача, балки куз ойларида олиб келиниши ва тақдимот қилиниши кутилмоқда».
Ҳукумат қарорида ушбу қурилмаларни сотиб олиш учун қанча маблағ ажратилаётгани, қайси давлат ёки компаниядан олиниши кўрсатилмаган. Очиқ маълумотларга кўра, мослашувчан, босқичма-босқич кенгайтириш мумкин бўлган HPC кластерлар нархи 20 минг доллардан 2 миллион долларгача етиши мумкин.

9 июл куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Марказий Осиёда энг кучли дейилаётган суперкомпютерни ишга туширди. Унинг унумдорлиги 2 EFlops бўлиб, бу дунёдаги энг кучли суперкомпютерлар даражасида. Шунингдек, қурилма NVIDIA H200 график чипларига асосланган ҳамда махсус интеграциялашган.
















