6-7 июл кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида BRICS-плюс ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Саммит фонида АҚШ президенти Трамп BRICSга аъзо давлатларга таҳдид қилиб, уларга нисбатан катта санкциялар ва тарифлар жорий қилиш ҳақида гапирди.

Биламизки, Трамп – изоляционист сиёсатчи, у АҚШнинг глобал масъулияти ва харажатларини қисқартириш тарафдори. Унда савол туғилади: агар Трамп маъмурияти изоляция, иҳоталаниш тарафдори бўлса, унда нега у BRICSдан норози, нимадан қўрқяпти?

Трампга қадар ҳам, АҚШнинг олдинги президентлари ҳам BRICSга салбий муносабатда бўлган эди. Хўш, нега АҚШ ва Ғарб давлатлари BRICS+ ташкилотидан қўрқмоқда? Қўрқувнинг сабаби нимада?

Кейинги асрлар Ғарб цивилизациясининг асри бўлди. Тахминан кейинги беш асрда Ғарбий Европа ва бироз сўнгра Шимолий Америка давлатлари дунёдаги энг қудратли давлатларга айланишди. Дунёнинг бу қисмини бирлаштириб, “Шимолий Атлантика” дейиш мумкин. Энг аввало, Англияда, сўнгра Ғарбий Европа ва Шимолий Америкада саноат инқилоби юз берди. Дунёдаги энг катта инқилобий ўзгаришлар, ихтиролар ушбу минтақада амалга оширилди. Электр токи ўйлаб топилди, паровоз ва поездлар ихтиро қилинди, автомобил саноати барпо бўлди, кўплаб бошқа технологик янгиликлар яратилди.

16-18 асрларга келиб, мисли кўрилмаган қудрат ва бойлик тўплагач, Ғарбий Европа давлатлари дунёни ўзига бўйсундириш учун юриш бошлашди. Колониализм даври юзага келди. 19-асрда дунёнинг Ғарб томонидан босиб олинмаган сарҳади деярли қолмади. Фақатгина 20-асрнинг биринчи ярмида, икки жаҳон уруши сабаб, Ғарбий Европа ҳолсизланди ва ўзининг колониал ерларини ушлаб қолишга қийнала бошлади. Шу сабаб ҳам, 20-асрнинг иккинчи ярми колониал империяларнинг парчаланиш даври бўлиб тарихда қолди.

Бугун Ғарб заифлашаётгани йўқ, у сўнаётгани йўқ, ривожланишдан тўхтагани йўқ. Ҳали ҳам Ғарб давлатлари энг саноатлашган, катта ва қудратли иқтисодий ва ҳарбий машинага эга давлатлар ҳисобланади. Унда нима ўзгаряпти? Ўзгараётган нарса шуки, Ғарб бўлмаган минтақалар ва давлатлар ҳам ривожланиб бошлади, улар ҳам саноатлашиш борасида катта муваффақиятларга эришмоқда. Бугун Ғарб заифлашаётгани йўқ, балки Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари ҳам ривожланиб бошлади.

Мисол учун, BRICSнинг асосчиларидан бири Хитой Халқ Республикаси саноатлашувда, ишлаб чиқаришда АҚШдан анча ўзиб кетди. Ҳиндистон, Жанубий Африка Республикаси ёки Бразилия ҳам иқтисодий ўсишда, салоҳиятда шиддат билан ўсиб бормоқда. Бу давлатлар кеча жуда заиф эди. Бугун эса, улар шаклланган ўйин қоидасини кўриб чиқиш тарафдори.