“Валлoмов иши”да суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Жиноят ишида жами 6 нафар йигит айбланган. Улар 27 ёшли Отабек Валломов, 27 ёшли Муҳаммадазиз Ғуломжонов, 28 ёшли Муҳаммад Қодиров, 26 ёшли Назиржон Маҳмуджонов, 24 ёшли Муҳаммадали Омонуллаев ва 26 ёшли Хожиакбархон Мамажонов.
Ҳукмда келтирилишича, Отабек Валломов ва бошқа судланувчилар 2025 йил 21 феврал куни соат 17:40 ларда бир гуруҳ бўлишиб, Фарғона шаҳридаги “Verona” компьютер ўйинлари клубига боришган. Улар ўйин ўйнаш жараёнида бақир-чақир қилишиб, жамоат тартиби ва бошқа мижозларнинг тинчлигини бузишган.
Клуб иш юритувчиси Ф.Худойназаров уларни тартибга чақириб, тинчлик сақлашларини, бақир-чақир қилмасликларини сўраган. Бироқ судланувчилар жанжал чиқариб, Ф.Худойназаровни, сўнгра клуб ишчиси Ф.Мусаевни калтаклашган. Безорилар тегишли органларга хабар бермоқчи бўлган клуб иш юритувчиси М.Суярқуловни ҳам ҳеч бир сабабсиз уриб, унга қасддан оғир тан жароҳати етказишган ва воқеа жойидан кетиб қолишган.
Отабек Валломов судда айбига қисман иқрор бўлган ва Ф.Худойназаров онасини ҳақорат қилгани учун урганини айтган.
“Verona” клубига илгаридан бориб турардик. Борганимизда бир киши ўйин учун тўлов қиларди ва ишчилар компьютерларни бирданига ёқиб беришарди. Доим яхши кутиб олишиб, самимий муносабатда бўлишган. Ўртамизда адоват бўлмаган. Ўйин вақтида қулоқчинлар тақиб, ўйинга берилиб кетардик, баланд овозда гаплашардик. Лекин бу бўйича бизга ҳеч ким эътироз билдирмаган.
Воқеа куни клубга бордик. Ф.Худойназаров кассада турганди, унга салом бердик, у алик олмади. Ўйинга пул бердим ва компьютерларни очишини сўрадим. Ф.Худойназаров ҳамма алоҳида тўлов қилишини сўраб кўпол муносабатда бўлди. Бу ҳолатдан ҳайрон бўлдим.
2 та жамоага бўлиниб ўйнашни бошладик. 10-15 дақиқадан кейин ўйинга берилиб кетиб, овозимизни баланд кўтардик. Шунда кўзим Ф.Худойназаровга тушиб қолди, у бизга сўкиниб бақирди. Унинг гапини ўзимга олмасдан, ўйнашда давом этдим. Орадан 2-3 дақиқа ўтиб, Ф.Худойназаров олдимга келди ва “сенга гапиряпман” деб компьютерни ўчириб қўйишини айтди. Унга бу ер кутубхона эмаслигини, баланд овозда гапириб ўйнашимиз мумкинлигини тушунтирдим.
Ф.Худойназаров гапининг орасида онамни ҳақорат қилиб сўкинди. Шунда унинг гапларига чидай олмасдан, юзига уриб юбордим. М.Суярқулов ҳам сўкиниб, менга ташланди. Унинг ҳам юзига шапалоқ билан урдим”, деган у ўз кўрсатмасида.
Отабек Валломов тадбиркорлигини, қўл остида 100 нафардан ортиқ ишчи борлигини, қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган.
















