Kun.uz суҳбатида бўлган Тошкент ҳамда Фарғона вилоятларида яшовчиларга кўра, вақтида кўрсатилмаган хизмат сабаб одамларнинг ҳовлиларида 10-15 қоплаб ҳам чиқиндилар йиғилиб кетади. Юртдошларимиз шундай бўлса-да, тўловларни вақтида ундириб олишларини, акс ҳолда қарздорлик ёзилишини айтишяпти. Одамлар чиқинди хизматида сифат яхшиланмай, электр энергияси билан боғлиқ янги тартиб ишга тушишига ижобий фикрда эмас.
1 августдан бошлаб чиқиндидан қарзи борлар электр токи учун тўлов қилолмайдиган амалиёт ишлай бошлайди. Янги тартибга кўра, чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматидан қарзи бор истеъмолчиларга ҳар ойнинг 5-санасигача СМС юборилади. Шундан кейин 5 кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, истеъмолчи электр энергияси учун тўлов қилолмай қолади.
Айни тартибдан одамлар қанчалик хабардор ва умуман, ҳозирги кунда чиқинди хизмат кўрсатиш сифатини аҳоли қандай баҳолайди? Kun.uz шу саволлар билан Тошкент вилоятининг Тошкент ва Зангиота ҳамда Фарғона вилоятининг Қува туманларида яшовчи фуқароларга микрофон тутди. Қуйида интервюлардан айрим қизиқ парчалар келтирилади.
Таҳририят мухбири суҳбатлашган аксарият респондентларга кўра, махсустранс хизмати 2 ҳафта, 1 ойда бир марта келгани сабаб ҳовлиларда қоплаб чиқиндилар йиғилиб кетади. Одамлар хизмат машиналари келганини транспорт воситасининг сигнали ёки қўшнилар орқали билиб олишади.
“Хуллас, мусоримиз бир ойда икки марта келиши керак эди, икки ойда бир марта келяпти. Шу муаммомиз.
[Чиқинди] Бир йиғилса, бир хил пайт камроқ, бир хил пайт 7-8 қоп бўлади. Ҳовли бўлганидан кейин супурилади, бошқа қилинади, чиқиб келади. [Чиқинди қопларини] Эшикнинг тагига олиб чиқиб қўямиз. Кучуклар талаб ётади бекорга”, – дейди эркак суҳбатдошлардан бири.
“Тўғрисини айтсам, қачон келишини ҳам билмаймиз. Унутиб ҳам қўямиз. Энди ҳеч бўлмаса бир ҳафтада бир марта келишса ҳам яхши бўларди. 15 кун, 20 кун бўлиб кетади.
Ҳали ҳам машинамиз бор, гоҳ пайтлар машинамизда чиқарамиз. Ўзимизнинг енгил машинада. Шаҳарга олиб кетамиз, нима қилайлик? Бошқа илож йўқ”, – дейди бир аёл.








